ЎзЛиДеП: аҳоли саломатлиги муҳофаза йўлида
ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туман Кенгашида партия депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилишида туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Дилмурод Аниязовнинг 2025 йил ҳамда 2026 йилнинг биринчи чораги давомида аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, хусусан, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботи тингланди.
Унда мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва тиббий хизмат сифатини оширишга қаратилган ислоҳотлар изчил амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди..
Ҳисоботда келтирилишича, бугунги кунда туман тиббиёт бирлашмаси таркибида 1 та марказий шифохона, 1 та кўп тармоқли марказий поликлиника, 7 та оилавий поликлиника ва 6 та оилавий шифокорлик пункти аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Тизимда 170 нафар шифокор ва мингдан ортиқ ўрта тиббиёт ходими фаолият юритиб келмоқда.

Депутатлар томонидан, айниқса, репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш, оналар ва болалар ўлимини камайтириш, профилактик тиббий кўриклар сифатини ошириш ҳамда онкологик касалликларни эрта аниқлаш масалалари юзасидан амалга оширилаётган ишлар атрофлича таҳлил қилинди.
Таъкидланганидек, жорий йилнинг 1 май ҳолатига 43 минг нафардан ортиқ туғиш ёшидаги аёл тиббий кўрикдан ўтказилган бўлиб, аниқланган касалликлар бўйича манзилли соғломлаштириш чоралари кўрилган. Шунингдек, хавф гуруҳига кирувчи ҳомиладор аёлларни доимий назоратга олиш, ҳар бир асоратланган ҳомиладорлик ҳолатига “фавқулодда ҳолат” сифатида ёндашиш тизими жорий қилингани қайд этилди.
Энг муҳими, 2026 йилнинг ўтган даври мобайнида туманда оналар ўлими қайд этилмагани депутатлар томонидан ижобий баҳоланди. Шу билан бирга, гўдаклар ўлими ҳолати бўйича таҳлиллар ўтказилиб, соҳадаги айрим муаммолар ҳам очиқ муҳокама қилинди. Хусусан, оғир ҳолатда туғилган чақалоқларга юқори технологик тиббий хизмат кўрсатиш учун зарур жиҳозлар етишмаслиги, айрим диагностика имкониятларининг чеклангани депутатлар эътиборини тортди.
Депутатлик эшитувида тиббиёт соҳасида профилактика ишларини кучайтириш, аҳоли ўртасида тиббий маданиятни юксалтириш ва соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш бугунги куннинг долзарб вазифаси экани таъкидланди. Бу борада оммавий ахборот воситалари, маҳалла институтлари ва жамоатчилик билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш лозимлиги қайд этилди.
Шунингдек, туманда “Аёллар маслаҳатхонаси”, “Қизлар саломатлиги” бўлимлари ҳамда “Онко-назорат” хоналари ташкил этилгани, онкологик касалликларни эрта аниқлаш бўйича кенг қамровли скрининг тадбирлари амалга оширилаётгани депутатлар томонидан эътироф этилди. Бу каби амалий ишлар аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва касалликларнинг олдини олишда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.
Муҳокамалар жараёнида депутатлар томонидан соҳадаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, аҳолига сифатли ва замонавий тиббий хизмат кўрсатиш кўламини кенгайтириш юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар берилди.
Йиғилиш якунида партия депутатлик гуруҳи томонидан мутасадди ташкилотлар олдига аниқ вазифалар қўйилиб, ижро интизоми ва натижадорликни таъминлаш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳлари томонидан жойларда аҳолини ўйлантираётган долзарб масалаларни доимий назоратга олиш, давлат органлари ҳисоботларини эшитиш ва муаммолар ечимига амалий кўмак бериш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА