Тошкент вилояти делегацияси Японияда
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги вилоят делегацияси хизмат сафари билан Японияда бўлиб турибди.
Ташриф доирасида З.Мирзаев Аичи префектураси губернатори Хидэки Омура билан учрашди. Мулоқотда икки ҳудуд ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидлаш жоизки, Япониянинг марказий қисмида жойлашган Аичи префектураси мамлакатнинг йирик саноат марказларидан бири ҳисобланади. Ҳудуд, айниқса, автомобилсозлик, машинасозлик, робототехника ва юқори технологиялар соҳаларида катта тажрибага эга. Бу эса Тошкент вилояти билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш учун кенг имкониятлар яратади.

Учрашувда томонлар автомобилсозлик, электротехника, саноат ускуналари ҳамда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йўналишларида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, япон компаниялари билан қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатини ривожлантириш борасида ҳамкорлик қилиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Замонавий инновациялар соҳасида тажриба алмашиш ҳам мулоқотнинг муҳим йўналишларидан бири бўлди. Хусусан, Аичи префектурасида фаолият юритаётган ихтисослашган марказлар тажрибасини ўрганиш, стартаплар, рақамли технологиялар ва янги ишланмалар бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш таклиф этилди.

Таълим ва малакали кадрлар тайёрлаш масалалари ҳам учрашув кун тартибидан ўрин олди. Нагойя университети ва бошқа таълим муассасалари билан муҳандислик, ахборот технологиялари ҳамда касб-ҳунар таълими йўналишларида алоқаларни кенгайтириш, ёшларни япон компаниялари талабларига мос касбларга тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Ҳамкорликни тизимли ривожлантириш мақсадида 2027–2029 йилларга мўлжалланган қўшма “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш, устувор инвестиция лойиҳаларини белгилаш учун икки ҳудуд вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузиш таклиф қилинди. Шунингдек, Аичи префектураси ишбилармон доиралари иштирокида Тошкент вилоятида бизнес-форум ўтказиш ҳамда япон тадбиркорлари делегациясининг ташрифини ташкил этиш масалалари ҳам илгари сурилди.
Тошкент вилояти делегациясининг Японияга хизмат сафари давом этмоқда.
А.Мусаев,ЎзА