Ўзбекистоннинг рақамли ривожланиш бўйича эришган натижалари
Яқин вақтгача рақамлаштириш Ўзбекистонда шунчаки лойиҳалар мажмуини англатган бўлса, бугунги кунда ушбу масала давлат сиёсатининг тизимли йўналишига айланди. Рақамли трансформация давлат бошқаруви, экспорт таркиби ва мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигига бўлган ёндашувларни изчил ўзгартирмоқда.

«Тараққиёт стратегияси» марказининг бўлим бошлиғи Жамшид Шарипов бу борадаги ўз мулоҳазаларини билдирди:
– Президентимиз томонидан 2020 йил 5 октябрда тасдиқланган «Рақамли Ўзбекистон — 2030» Стратегиясининг қабул қилиниши ушбу йўналишдаги муҳим қадам бўлди. Соҳанинг норматив-ҳуқуқий базаси кейинчалик бошқа ҳужжатлари билан ҳам бойитилди. Хусусан, 2024 йилнинг октябрь ойида сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси, 2026 йил 10 мартда Киберхавфсизлик стратегияси тасдиқланди. Жорий йилнинг август ойида «Рақамли технологиялар халқаро маркази тўғрисида»ги Конституциявий Қонун қабул қилинди. Ушбу ҳужжат билан хорижий компаниялар ва инвестицияларни жалб қилишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилди.
Рақамлаштиришнинг энг яққол натижалари фуқароларимизнинг кундалик ҳаётида намоён бўлмоқда. Бугунги кунда мамлакатда интернет қамрови 99,5% га, фойдаланувчилар улуши эса 94,2% га етди. 905 турдаги хизмат Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тақдим этилаётган бўлиб, фойдаланувчилар сони 16,8 млн кишига етди.
Халқаро рейтинглар ҳам ижобий ўзгаришларни тасдиқламоқда. БМТнинг Электрон ҳукуматни ривожлантириш рейтингида мамлакатимиз 2020 йилда 87-ўринни эгаллаган бўлса, 2022 йилда 69-поғонага ва 2024 йилда 0,7999 индекси билан 63-ўринга кўтарилди. Шу тариқа, республикамиз илк бор электрон ҳукумат даражаси энг юқори бўлган давлатлар қаторидан жой олди.
Рақамлаштириш технологик инфратузилмани ривожлантиришга ҳисса қўшибгина қолмай, мамлакатимизга валюта тушумларининг янги манбаини ҳам шакллантирмоқда. IT Park резидентлари сони 2 800 дан ошди, шундан 752 таси хорижий компаниялардир. Улар 90 дан ортиқ мамлакатга ўз хизматларини экспорт қилмоқда.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг январидан июнь ойига қадар телекоммуникация, компьютер ва ахборот хизматлари экспорти 545,3 млн долларни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 12,8% га юқори. Ушбу даврда IT Park иштирокчилари томонидан экспорт қилинган хизматлар ҳажми ўтган йилги кўрсаткичдан 90,3 млн долларга ортиб, 392,5 млн долларни ташкил этди.
Рақамли иқтисодиётнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши ҳам мунтазам ортиб бормоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида ахборот-коммуникация технологиялари хизматларининг ЯИМдаги улуши 2,9% ни ташкил этди. Таққослаш учун: 2025 йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 2,8% ни, 2024 йилда эса 2,4% ни ташкил қилган эди. Ушбу тармоқда яратилган ялпи қўшимча қиймат 30,3 трлн сўмга етди, бунда компьютерда дастурлаш, консалтинг ва турдош хизматлар умумий ҳажмнинг 53,6% ини эгаллади.
Ушбу рақамлар мамлакатимизда рақамли иқтисодиёт оддий телекоммуникация инфратузилмасидан дастурий таъминот, компьютерда дастурлаш ва интеллектуал хизматларга асосланган мураккаб иқтисодий моделга ўтаётганидан далолат беради.
Эришилган натижалар билан бир қаторда, ўз ечимини кутаётган вазифалар ҳам мавжуд. «Рақамли Ўзбекистон — 2030» Стратегиясида республикамизнинг БМТнинг Электрон ҳукуматни ривожлантириш рейтингида дунёнинг 30 та энг ривожланган давлати қаторига кириши кўзда тутилган. Ҳозирги 63-ўрин мазкур маррага эришиш учун олдимизда ҳали кўп ишлар турганини кўрсатади.
Фуқароларнинг рақамли хизматлардан фойдаланишдаги фаоллиги ҳамда иштироки муҳим масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2022 йилда рақамли иштирок индексида мамлакатимиз 82-ўринни эгаллаган. Юқори натижага эришиш учун фақатгина онлайн хизматлар сонини ошириш эмас, уларнинг фуқаролар учун қулай, тушунарли ва манфаатли бўлишини таъминлаш талаб этилади.
Яна бир устувор вазифа — рақамли трансформацияни IT соҳаси чегарасидан ташқарига олиб чиқишдан иборат. Рақамли ишланмаларни қишлоқ хўжалиги, энергетика, сув хўжалиги, логистика ва молия сектори каби тармоқларга кенг жорий этиш орқали энг юқори иқтисодий самарадорликка эришиш мумкин. Бу ўринда сунъий йўлдош мониторинги, саноат интернети ва рақамли платформалар алоҳида аҳамият касб этади. Шунингдек, маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш, ахборот тизимларининг ўзаро мутаносиб ишлашини кучайтириш ва кадрлар салоҳиятини оширишга устувор эътибор қаратиш лозим.
Рақамли трансформациянинг келгуси босқичида нафақат жалб қилинган инвестициялар ҳажмига, балки уларнинг технологик ва иқтисодий самарадорлигига ҳам урғу бериш зарур. Мамлакатда янги технологиялар ҳамда билим ва кўникмаларни шакллантириш, юқори малакали иш ўринларини яратиш, шунингдек, маҳаллий компанияларнинг халқаро бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш асосий мезонларга айланиши керак.
Маълумотларни қайта ишлаш марказлари ва булутли инфратузилмани ривожлантириш, сунъий интеллект соҳасидаги тадқиқот лабораторияларини ташкил этиш, рақамли савдо ва логистика платформаларини кенгайтириш, муҳандислар ҳамда дастурчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш — ушбу босқичнинг асосий йўналишларидир.
Шу билан бирга, рақамли технологияларнинг иқтисодиётга таъсирини фақат IT хизматлар экспорти ҳажми ёки соҳадаги корхоналар сони билан баҳолаб бўлмайди. Уларнинг саноат ва қишлоқ хўжалигида меҳнат унумдорлигини ошириш, маҳсулот таннархини пасайтириш, давлат хизматлари самарадорлигини таъминлаш ҳамда янги иқтисодий қиймат яратишга қўшаётган ҳиссаси ҳам бирдек аҳамиятлидир.
Сўнгги олти йил ичида Ўзбекистон айрим рақамли лойиҳалардан яхлит рақамли экотизимни барпо этишгача бўлган муҳим йўлни босиб ўтди. Давлат хизматлари кўлами кенгаймоқда, IT хизматлар экспорти ривожланмоқда, ЯИМда рақамли соҳанинг улуши ортмоқда ва халқаро рейтингларда мамлакатимизнинг мавқеи мустаҳкамланмоқда.
Келгусидаги асосий вазифа — фақат IT соҳасида эмас, балки иқтисодиётнинг сиртқи ва асосий тармоқларида ҳам рақамли технологиялардан юқори иқтисодий самара олишни таъминлашдан иборат. Бу жараён Ўзбекистоннинг рақамли ишланмалар ва технологик хизматлар бўйича минтақавий марказга айланишини кўп жиҳатдан белгилаб беради.
Азиза Алимова ёзиб олди, ЎзА