Вазир Сирдарё далаларидаги тайёргарликни ўрганди
Қишлоқ хўжалигида илмий тавсияларни амалиётга татбиқ этиш, ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиш ва ишлаб чиқариш жараёнларини ўзаро уйғунлаштириш муҳим аҳамиятга эга. Сирдарё вилоятига ишчи сафари давомида Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Боёвут туманидаги фермер хўжаликларида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Дастлаб вазир вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари — вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Аброр Хидиров ҳамроҳлигида «Бегзод Облақулов» фермер хўжалигининг 20 гектарлик ғалла майдонини кўздан кечирди.

Эътиборлиси, фермер вазир иштирокидаги амалий семинарда берилган тавсияларни амалиётга татбиқ этиш ташаббусини билдириб, уни ўз даласига таклиф этди. Учрашув давомида ғалла ҳосилдорлигини ошириш ва экинларнинг ривожланишини қўллаб-қувватлаш мақсадида кремний, аспирин ҳамда бор таркибли препаратлар билан ишлов бериш ишлари бошланди.

Шунингдек, майдондаги ғалланинг ўсиш ҳолати кўздан кечирилиб, агротехник тадбирларни ўз вақтида ва илмий тавсиялар асосида амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Вазирнинг тумандаги навбатдаги манзили дала четларида чорвачилик объектларини ташкил этиш ва улардан самарали фойдаланиш тажрибаси билан танишиш бўлди.

Мазкур хўжаликда айни пайтда 90 бош қорамол, жумладан, 40 бош сигир ва 50 бош буқа, шунингдек, 40 бош қўй, 40 бош курка ҳамда 60 га яқин ўрдак парваришланмоқда.
Чорвачиликни далачилик билан уйғунлаштиришнинг муҳим жиҳатларидан бири — чорва молларидан олинадиган гўнгни қайта ишлаб, органик ўғит сифатида экин майдонларига қайтариш имкониятидир. Бу орқали тупроқ унумдорлигини ошириш, минерал ўғитлардан фойдаланишни мақбуллаштириш ва мавжуд ресурслар самарадорлигини юксалтириш мумкин.

Хўжаликдаги шароитлар билан танишув чоғида чорва молларини озиқлантириш ва парваришлаш, санитария-гигиена талабларига риоя этиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Вазир ҳар бир ҳайвоннинг ҳолати ва эҳтиёжидан келиб чиқиб индивидуал ёндашиш, унинг вазни ҳамда ривожланиш кўрсаткичларини мунтазам назорат қилиш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, молхоналарда тозаликни сақлаш, тўшама материалларини ўз вақтида янгилаш бўйича тавсиялар берилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири