Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида Давлат байроғи куни нишонланди (+видео)
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида Давлат байроғи куни кўтаринки руҳда нишонланди. Бу тадбир бўлажак педагоглар учун миллий рамзларга ҳурмат ва ватанпарварликни ёш авлодга сингдиришнинг муҳим сабоғи бўлди.
Мазкур даргоҳнинг бўлажак педагог кадрлари мактабларда ёш авлод қалбига миллий рамзларимизга ғурур, юртга муҳаббат ва ватанпарварлик туйғуларини сингдиради. Шу боис, бу тадбир улар учун муҳим тажриба майдони.
Тадбирда алоҳида қайд этилганидек, муқаддас байроғимиз – юртимиз суверенитети, халқимиз бирлиги, тинчлиги ва Ватанга садоқатини ифодаловчи олий давлат рамзи. Унинг ҳилпирашида она заминимизга муҳаббат, халқимиз меҳнати ва келажакка ишонч мужассам.
Университет талабалари Ўзбекистон байроғини шарафлаб жонли куй-қўшиқлар ижро этишди. Саҳна кўринишларида юрт учун, байроғимиз кўкларда ҳилпираши учун жон фидо қилган мард ўғлонлар образлари гавдалантирилди. Шу мавзудаги танлов ғолиблари тақдирланди. Тадбир талабалар қалбида миллий ғурур ва ватанпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлади.
Санжар Тошпўлатов,
Нишонбой Абдувойитов,
Анвар Аҳмедов,
ЎзА