"Тошкент – Бекобод" йўналишида янги замонавий электропоезд ҳаракатланади
Йўловчилар учун янада қулай, хавфсиз ва замонавий сафар имкониятлари кенгаймоқда. 2026 йил 18 июлдан бошлаб "Тошкент – Бекобод – Тошкент" йўналишида ҳаракатланувчи 7050/7049-сонли шаҳарлараро электропоезд янги замонавий таркиб билан қатновни бошлайди.
Янгиланган электропоезд йўловчиларга сафар давомида янада юқори даражадаги қулайликларни тақдим этади. Вагонлар кондиционер тизими, USB-қувватлантириш портлари, эргономик ва замонавий ўриндиқлар, видеокузатув ҳамда аудиоахборот тизими билан жиҳозланган. Шунингдек, имконияти чекланган фуқаролар учун махсус чиқиш-тушиш мосламалари ва алоҳида ўриндиқлар ҳам назарда тутилган.
7050-сонли “Тошкент – Бекобод” электропоезди Тошкент Марказий вокзалидан соат 18:34 да йўлга чиқиб, Тошкент Жанубий вокзали, Раҳимова, Ўзбекистон, Янгийўл, Чиноз, Сирдарё, Гулистон, Янгиер, Ховос ва Фарҳод бекатлари орқали ҳаракатланиб, Бекободга соат 21:38 да етиб боради.
7049-сонли “Бекобод – Тошкент” электропоезди эса Бекободдан соат 06:00 да жўнаб, шу йўналиш бўйича ҳаракатланиб, Тошкент Марказий вокзалига соат 09:16 да етиб келади.
Электропоездда сафар қилиш нархи ҳамёнбоп бўлиб қолмоқда:
катталар учун — 15 000 сўм;
болалар учун — 9 000 сўм.
Чипталарни темир йўл кассалари орқали ёки электрон тарзда харид қилиш мумкин.
Янги электропоезднинг йўлга қўйилиши аҳолига замонавий, хавфсиз ва қулай жамоат транспорти хизматини кўрсатиш, шунингдек, Тошкент ва Сирдарё вилояти орқали Бекобод йўналишида қатнов қилувчи йўловчилар учун сафар сифатини янада оширишга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА