Оилага ғамхўрлик юрт тараққиётини белгиловчи омилдир
Юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Айниқса, маҳаллаларда фаолият юритаётган ижтимоий ходимлар томонидан оилаларнинг ҳаётий муаммоларини жойига чиққан ҳолда ўрганиш, уларга манзилли ёрдам кўрсатиш ва муносиб турмуш шароитини яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар кўплаб инсонларнинг тақдирини ижобий томонга ўзгартирмоқда.
Бухоро вилоятининг Олот туманидаги “Эски Олот” маҳалласида амалга оширилаётган эзгу ишлар ҳам бунинг ёрқин намунасидир.Мазкур маҳаллада 3 800 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 141 нафарини ногиронлиги бўлган шахслар ташкил этади. Маҳалла ижтимоий ходими Зубайда Шукурова томонидан эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш, уларга сифатли ва манзилли ижтимоий хизматлар кўрсатиш бўйича тизимли ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Хусусан, ногиронлиги бўлган 30 нафар фуқаро протез-ортопедия мосламалари ҳамда реабилитациянинг техник воситалари билан таъминланди. Бу эса уларнинг кундалик ҳаётини енгиллаштириш, мустақил ҳаракатланиши ва жамиятда фаол иштирок этиши учун муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шунингдек, маҳалладаги 78 та оила “Ижтимоий реестр”га киритилиб, уларга давлат томонидан белгиланган ижтимоий ёрдам ва хизматлардан фойдаланиш имконияти яратилди.
Ана шундай оилалардан бири Бозоргул буви Ҳошимованинг хонадонидир. У тўрт нафар фарзандни вояга етказган меҳрибон она. Унинг кенжа қизи ногиронлиги бўлган шахс бўлиб, бугунги кунда фарзанд тарбияламоқда. Оиланинг ижтимоий аҳволи маҳалла ижтимоий ходими томонидан атрофлича ўрганилиб, улар “Ижтимоий реестр”нинг давлат таъминотидаги оилалар тоифасига киритилди. Натижада оила давлат томонидан тақдим этиладиган ижтимоий ёрдам ва хизматлардан тўлиқ фойдаланиш имкониятига эга бўлди.

Бу билан амалий ёрдам чекланиб қолмади. Оиладаги вояга етмаган Сабина Рўзимуродова бувиси Бозоргул буви васийлигига расмий тарзда берилди. Ҳозирда 16 ёшли Сабина келажакда олий таълим муассасаси талабаси бўлиш орзуси сари дадил қадам ташламоқда. У “Фитрат” академияси ўқув марказида она тили ва адабиёт фанидан бепул тайёрлов машғулотларида иштирок этиб, ўз билими ва салоҳиятини оширмоқда. Бу имконият унинг орзуларини рўёбга чиқариш йўлида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
— Оиламиз ҳолатини ўрганиб, бизни “Ижтимоий реестр”га киритишди, —дейди Бозоргул буви. — Неварамнинг бепул таълим олиши учун яратилган имконият биз учун жуда катта ёрдам бўлди. Фарзандларимиз ва набираларимиз келажаги учун қилинаётган бундай ғамхўрликдан беҳад мамнунмиз.

Бу каби ҳаётий мисоллар ижтимоий ҳимоя тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар рақамларда эмас, балки инсонлар тақдирида ўз аксини топаётганини яққол намоён этмоқда. Бир оиланинг дардига қулоқ тутиш, бир ёшнинг таълим олишига кўмак бериш ёки ногиронлиги бўлган инсонга зарур воситани етказиб бериш — буларнинг барчаси эзгу жамиятнинг энг муҳим мезонидир.
Олот туманида эҳтиёжманд оилаларни манзилли қўллаб-қувватлаш, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий хизматлар билан қамраб олиш ҳамда ёшларнинг таълим олиши учун тенг имкониятлар яратишга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда. Энг муҳими, бу хайрли саъй-ҳаракатлар ҳар бир инсоннинг ҳаётига умид, ишонч ва янги имкониятлар олиб кириб, инсон қадрини юксалтириш, оилалар фаровонлигини таъминлаш ҳамда жамиятда меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бугун бир оила ҳаётида юз берган ижобий ўзгариш эртага бутун жамият тараққиётига хизмат қиладиган эзгу қадриятга айланиши шубҳасиз.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири