Раҳбарлар ва талабаларнинг самимий мулоқоти
Мамлакатимизда ёшларнинг билим олиши, илмий изланишлар олиб бориши, инновацион ғояларини рўёбга чиқариши ҳамда жамият ҳаётида муносиб ўрин эгаллаши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Бу борада давлат раҳбарлари ва мутасадди ташкилотлар вакилларининг таълим муассасаларида талабалар билан очиқ мулоқотлари муҳим аҳамият касб этмоқда. Бухоро давлат педагогика институтида бўлиб ўтган навбатдаги учрашув ҳам ана шундай самимий ва мазмунли мулоқотлардан бири сифатида ёшларда катта таассурот қолдирди.
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири, генерал-майор Азизбек Икрамов ҳамда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Бухоро давлат педагогика институтига ташриф буюриб, талабалар билан учрашув ўтказди.
Ташриф аввалида меҳмонлар институтда яратилган замонавий таълим муҳити, ўқув жараёнига жорий этилган илғор технологиялар, илмий-тадқиқот ва инновацион фаолият, шунингдек, талабаларнинг сифатли таълим олиши ҳамда ўз иқтидорини намоён этиши учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.

Айниқса, талаба-ёшлар томонидан ишлаб чиқилган стартап лойиҳалар, инновацион ғоялар ва амалий ташаббуслар тақдимоти катта қизиқиш уйғотди. Муаллифлар ўз ишланмалари, келгусидаги режалари ва таклифлари ҳақида сўзлаб бердилар. Раҳбарлар ҳар бир лойиҳа билан танишиб, ёшларнинг фикр-мулоҳазалари, таклиф ва муаммоларини диққат билан тинглашди.
Шундан сўнг институтда “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” ташкил этилди. Очиқ ва самимий мулоқот тарзида ўтган учрашувда мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, илм-фан ва инновация соҳасидаги фаоллигини рағбатлантириш, уларнинг бандлигини таъминлаш, шунингдек, Ватанга муҳаббат, юксак масъулият ва фидойилик туйғуларини мустаҳкамлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.


Учрашув давомида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга бевосита жавоб олдилар, таълим, илмий изланишлар, тадбиркорлик ва ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлашга доир қатор таклифларини илгари сурдилар. Билдирилган ҳар бир фикр ва ташаббус эътибор билан қабул қилиниб, уларни амалга ошириш бўйича тегишли вазифалар белгилаб олинди.

Бундай учрашувлар ёшларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги фаол иштирокини кучайтириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Зеро, юксак билимли, ташаббускор ва ватанпарвар ёшлар — Янги Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги ва келажак тараққиётининг мустаҳкам пойдеворидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири