Қуюв-прокатлаш мажмуаси мамлакат саноат тараққиётининг муҳим бўғини (+видео)
Президент ташрифидан сўнг...
Бекобод шаҳридаги “Ўзбекистон металлургия комбинати”нинг Қуюв-прокатлаш мажмуаси бугун мамлакатимиз саноатидаги энг йирик ва стратегик аҳамиятга эга лойиҳалардан бирига айланди.
Давлатимиз раҳбари 13 июль куни Бекобод шаҳрига ташрифи доирасида ушбу мажмуада бўлиб, ягона бошқарув пульти орқали амалга оширилаётган прокатлаш жараёнларини ҳам кўздан кечирди.
Мажмуа мамлакатимизда металл маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни таъминлаш, импорт ўрнини босиш ва саноат салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.
839 миллион долларлик ушбу лойиҳа нафақат комбинат, балки Бекобод шаҳри иқтисодий тараққиётида ҳам муҳим ўрин тутади. Бугун шаҳардаги меҳнатга лаёқатли аҳолининг салмоқли қисми айнан шу корхонада меҳнат қилмоқда.
Мажмуада Италиянинг Danieli компанияси тажрибаси асосида илк бор узлуксиз пўлат қуйиш ускунаси бошқа барча технологик жиҳозлар билан интеграция қилиниб, ягона бошқарув пульти орқали бошқарилмоқда.
Аввалги технологияларда 4-5 та бошқарув пультидан фойдаланилган ва уларда 9 нафар ходим меҳнат қилган бўлса, бугунги кунда ягона бошқарув тизими орқали жараённи атиги 3 нафар мутахассис назорат қиляпти.
Ускуналарнинг хавфсизлиги ва тезкорлиги бўйича мазкур мажмуа Марказий Осиёда ўзига хос ва муқобили йўқ лойиҳа ҳисобланади. Хусусан, ишлаб чиқариш жараёнини тўхтатмаган ҳолда, инсон омили иштирокисиз асосий валларни аввалги 30-40 дақиқа ўрнига атиги 5-7 дақиқада автоматик равишда алмаштириш имконияти яратилган.
Хўш, мажмуада бугун қандай ишлар амалга оширилмоқда? Янги лойиҳаларнинг кўлами қандай? Давлат раҳбарининг ташрифи доирасида берилган муҳим топшириқлар нималардан иборат?
Шу ва бошқа саволларга Ўзбекистон Республикаси Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги директори Бахтиёр Хайдаров ЎзАга берган эксклюзив интервьюсида батафсил жавоб берди.
Мажмуада маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини 2 миллион тоннага етказиш, қўшимча равишда 1,04 миллион тонна ўрамли пўлат лист прокати ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳамда янги иш ўринлари яратиш асосий мақсад сифатида белгиланган.
Батафсил YouTube ижтимоий тармоқларимиз орқали томоша қилишингиз мумкин.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/K4iM11H-JC0?si=rki9KwUso3EEtW_f" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Анвархўжа АҲМЕДОВ (видео),
ЎзА