Тошкент аксилкоррупция форуми ўз ишини бошлади
Пойтахтимизда “Коррупцияга қарши бошқарувнинг янги архитектураси: самарали превентив чоралар сари” шиори остида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги юқори даражадаги нуфузли халқаро тадбир – VI Тошкент аксилкоррупция форуми ўз ишини бошлади.
Форум дастуридан юқори даражадаги пленар сессия, шунингдек, институционал очиқлик ва ҳисобдорлик, ҳудудий ва маҳаллий даражада коррупциянинг олдини олиш механизмлари, коррупцияга қарши таълим ва жамоатчилик иштирокини кучайтиришга бағишланган учта тематик муҳокама ўрин олган.

Бугун Ўзбекистон илк бор Осиё ва Тинч океани давлатлари учун коррупцияга қарши курашиш ташаббусининг навбатдаги йиғилишига мезбонлик қилмоқда.
Мазкур тадбирда халқаро экспертлар ва хорижий давлатларнинг коррупцияга қарши курашиш идоралари вакиллари томонидан минтақада ҳалоллик тамойилларини мустаҳкамлаш, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш жараёнида давлат ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинмоқда.

Форум Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши томонидан Осиё тараққиёт банки, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти, Европа Иттифоқи ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури, йирик халқаро ҳамкорлар кўмагида ташкил этилди.

Тадбирда Япония, Малайзия, Сингапур, Хитой, Саудия Арабистони, Молдова, Эстония, Литва, Озарбайжон ва Тожикистон каби 10 дан ортиқ давлатнинг коррупцияга қарши курашиш идоралари раҳбарлари ва мутахассислари, Европа Иттифоқи, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, Осиё тараққиёт банки, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда БМТ тузилмаларининг етакчи экспертлари, шунингдек, давлат органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари иштирок этмоқда.
Н.Абдураимова,
ЎзА