Пилла режаси ортиғи билан бажарилди
Гулистон туманида жорий йилги пилла мавсумида дастлабки юқори натижа қайд этилди. Туманнинг “Дўстлик” СИУ ҳудудида фаолият юритаётган “Лобар орзуси” фермер хўжалиги пилла топшириш режасини туманда биринчилардан бўлиб ортиғи билан бажарди. Хўжалик белгиланган 310 килограммлик режа ўрнига 350 килограмм пилла топшириб, мавсумни юқори кўрсаткичлар билан бошлади.
Етиштирилган ҳосил туман марказидаги пилла қабул қилиш масканига тантанали тарзда топширилди. Ушбу жараёнда Гулистон тумани ҳокими Олимжон Жўраев иштирок этиб, пиллакорларнинг машаққатли меҳнати ва фидойилигини алоҳида эътироф этди. Таъкидланганидек, пиллачилик нафақат қишлоқ аҳолиси даромадини ошириш, балки аҳоли бандлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.


– Юқори натижага эришишда пилла қуртини парвариш қилишдаги масъулият, озуқа таъминоти ва меҳнат интизоми муҳим ўрин тутди деб ўйлайман. Хўжалигимизга 310 килограмм пилла топшириш режаси белгиланган эди. Пилла парваришига жиддий ёндашиб, ҳар бир жараённи назоратда ушладик. Жамоамизнинг фидокорана меҳнати туфайли режани 350 килограмм қилиб бажаришга эришдик, – деди фермер хўжалиги раҳбари Мирзоқил Мирзаев.

Дарҳақиқат, пиллачилик сабр ва матонат талаб этадиган соҳалардан бири ҳисобланади. Қисқа вақт ичида юқори сифатли ҳосил олиш учун пилла қуртини доимий парвариш қилиш, ҳарорат ва озуқа меъёрларига қатъий амал қилиш талаб этилади.

Маълумотларга кўра, Гулистон туманида жорий йилги пилла мавсумида жами 124 тонна ҳосил етиштириш режалаштирилган. Мавсумнинг дастлабки кунларидаёқ қайд этилаётган бундай натижалар пиллакорларнинг бу йил ҳам юқори марраларни кўзлаётганини англатмоқда.

Тадбир якунида илғор пиллакорлар ва фермерларга эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, топширилган пилла учун пул маблағлари қабул масканидаёқ нақд шаклда тўлаб берилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири