“ADM ELECTRICS”: корхонанинг имконияти кенгаймоқда
Андижон вилоятида ишлаб чиқарувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга туширишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Натижада янги-янги лойиҳалар ишга тушмоқда, мавжуд корхоналарнинг имкониятлари янада кенгаймоқда.
Асака туманида фаолият олиб бораётган “ADM ELECTRICS” масъулияти чекланган жамият ҳам жадал ривожланаётган корхоналардан бири.
“ADM ELECTRICS” масъулияти чекланган жамияти автотранспорт воситалари учун магнитофон, сигнал, антенна ва ҳамда бошқа бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
Умумий ер майдони 3,2 гектар, ишлаб чиқариш бинолари 4,5 минг квадрат метрни ташкил этувчи, илғор ва энг замонавий технологиялар билан жиҳозланган мазкур корхонанинг расман фаолият кўрсата бошлаганига ҳали кўп вақт бўлмаса-да, корхона ўзининг сифатли ва харидоргир маҳсулотлари билан эътибор топмоқда.
Бир неча босқичда тўла қувват билан ишга тушиши белгиланган корхонада янги технология ва линиялар ишга туширилиши ҳисобига ишлаб чиқариш ҳажми босқичма-босқич ортиб бормоқда.
[gallery-29357]
Тақдим этилган маълумотларга кўра, корхона тўла қувват билан ишга тушгач, йилига 100 минг дона автомобиль сим жгутлари, 50 минг дона мультимедиа тизимлари, шунингдек, двигателлар учун ҳаво фильтрлари, автомобиль антенналари, ойна кўтаргичлар ҳамда иситиш, шамоллатиш ва ҳавони тозалаш тизимлари ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади.
Айни кунда 300 нафар ишчи-ходим меҳнат қилаётган мазкур корхонада янги линияларнинг ишга туширилиши, ишлаб чиқариш ва маҳсулот экспорти ҳажмини ошириш ҳисобига 2026 йилнинг якунига қадар яна 900 нафар киши доимий иш ўрнига эга бўлади.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.