Инсон қадрини улуғлаётган эзгу амал
Бугунги кунда мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда.
Айниқса, жойларда амалга оширилаётган манзилли ёрдамлар, хайрли ташаббус ва саховатли ишлар халқ манфаатларини таъминлаш йўлидаги амалий қадам сифатида аҳамият касб этмоқда. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Мурат Атамуратов ташаббуси билан Нукус шаҳридаги “Ишбилармонлар ҳудуди” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Қурбоновлар оиласига амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Мазкур хайрли ташаббус O‘zLiDeP томонидан илгари сурилган “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида амалга оширилмоқда. Ўрганишлар давомида Қурбоновлар оиласи истиқомат қилиб келаётган бир хонали уй ёмғирли ва совуқ кунларда яшаш шароити оғирлашиб, фарзандлар хавфли муҳитда умр кечираётгани барчани бефарқ қолдирмади.

Шундан сўнг, эзгу ташаббус асосида эски ва носоз уй ўрнига замонавий, шинам ва кенг тўрт хонали янги хонадон қуриш ишлари бошлаб юборилди. Бугунги кунда қурилиш жараёнида маҳалла фаоллари, партия аъзолари, волонтёр ёшлар ҳамда ҳашарчилар бирдамлик билан иштирок этиб, қурувчиларга яқиндан кўмак бермоқда.
– Энг қувонарлиси, бу ишда ёшларимиз, маҳалла аҳли ва ҳашарчилар бир ёқадан бош чиқармоқда. Кимдир меҳнати, кимдир дуоси билан ҳисса қўшяпти, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Боғдагул Қудайбергенова.
Албатта, бундай эзгу амаллар жамиятда меҳр-оқибат, бирдамлик ва инсонпарварлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Энг муҳими, бу каби хайрли ишлар орқали инсон қадри улуғланиб, халқ манфаатлари йўлида амалий ишлар давом этаётгани яна бир бор ўз тасдиғини топмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.