Тўрақўрғонда мева-сабзавот экспорти имкониятлари кенгаймоқда
Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида жорий йилда жами 164 миллион 470 минг АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган. Шундан 31,7 миллион доллари мева-сабзавот маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келади.
Туманда етиштирилаётган мева-сабзавот маҳсулотлари Россия, Европа мамлакатлари, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар ҳамда МДҲ давлатларига экспорт қилинмоқда. Жорий йилда экспорт географиясини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Бу борада иссиқхона хўжаликларининг ҳам муносиб ўрни бор. Айни пайтда тумандаги 23 та хўжаликнинг 50,5 гектар майдонида ташкил этилган иссиқхоналарда помидор, бодринг ва булғор қалампири етиштирилмоқда. Маҳсулотлар ички бозорга етказиб берилиб, экспортга ҳам йўналтирилмоқда.
Хусусан, ҳудуддаги “Greenhouse makoni” масъулияти чекланган жамиятининг умумий ер майдони 3,1 гектарни ташкил этиб, шундан 2,4 гектари иссиқхонадан иборат.
Айни кунларда хўжаликда етиштирилган сабзавотларни йиғиб-териб олиш ишлари бошланган. Корхона жорий йилда 130 тонна маҳсулот етиштириб, унинг асосий қисмини хорижий давлатларга экспорт қилишни режалаштирган.
[gallery-32432]
Иссиқхона хўжаликлари фаолиятининг кенгайиши ҳудудда мева-сабзавот етиштириш ҳажмини ошириш, экспорт салоҳиятини юксалтириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА