Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш – ҳар қачонгидан муҳим
Глобал иқлим ўзгариши, аҳоли сонининг ошиб бориши ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш устувор вазифага айланган бир даврда, қишлоқ хўжалигида кимёвий воситалардан оқилона фойдаланиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Айниқса, қишлоқ хўжалиги экинларини зараркунандалардан ҳимоя қилишда қўлланиладиган пестицидларнинг инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга салбий таъсирининг олдини олиш бугунги куннинг энг долзарб экологик ва ижтимоий муаммоларидан.
Ушбу соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, мутахассисларнинг илмий-амалий салоҳиятини юксалтириш мақсадида пойтахтимизда “Гендерга сезгир пестицидлар хавфини бошқариш ва зараркунандаларга қарши хавфсиз кураш бўйича салоҳиятни ошириш” мавзусида ҳудудий мутахассислар учун тўрт кунлик ўқув-амалий тренинг ташкил этилди.
Тадбир Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан миллий ҳамкорлар билан биргаликда амалга оширилаётган “Хавфли кимёвий моддаларни самарали бошқариш учун техник кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида ўтказилмоқда. Ушбу халқаро ташаббуснинг амалга оширилиши Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги кимёвий моддаларини халқаро стандартлар асосида назорат қилиш, хавфсизлик қоидаларини янада такомиллаштиришга қаратилгани билан илмий-амалий аҳамиятга эга.

Тренингда Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, 12 та вилоят ҳамда Тошкент шаҳридаги ҳудудий бошқармаларидан масъул мутахассислар иштирок этмоқда. Улар замонавий талаблар асосида пестицидлар хавфини баҳолаш, агрономияда гендер тенглиги ва ёндашувларини ҳисобга олган ҳолда заҳарли кимёвий моддалар билан ишлашда хавфсизлик техникаси қоидаларини ўзлаштиряпти.
Қайд этилганидек, қишлоқ хўжалигида меҳнат қилаётган аёллар ва эркакларнинг пестицидлар таъсирига учраш кўрсаткичлари, шунингдек, уларнинг хавфсизлик бўйича хабардорлик даражаси турлича бўлиши мумкин. Шу боис, тренинг дастурига гендер жиҳатларнинг киритилгани соҳадаги мавжуд ёндашувларни янада такомиллаштириб, ҳар бир ҳудудда аҳоли саломатлигини ҳимоя қилишда муҳим превентив чора бўлиб хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА