Сув юзасида шоли етиштириш: Ўзбекистонда юқори ҳосил олинди
Юртимиз олимлари ва фермерлари жорий йилда балиқ ҳовузларида шоли етиштиришнинг инновацион усулини муваффақиятли синашди. Бу технология сув ва харажатларни тежаб, юқори ҳосил бермоқда.
Қуйи Чирчиқ туманидаги балиқчилик агрокластери ҳовузларида Шоличилик илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан илк бор сув юзасида шоли парвариши йўлга қўйилгани ҳақида аввалроқ маълумот бергандик. Шу кунларда ғалвир сувдан кўтарилиб тажриба якунлари сарҳисоб қилинмоқда.

– Балиқ ҳовузида елим тувакларда парвариш қилинган “Искандар” ва “Биллур” навли шолидан биринчи йилдаёқ яхши ҳосил олинди, – дейди “ТСТ fish” балиқчилик хўжалиги ходими Илҳом Саидов. – Бу технология сув сарфини 20–30 фоизгача камайтириш, минерал ўғитлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва ҳосилдорликни 10–15 фоизгача кўпайтириш имконини берди. Шунингдек, шоли етиштириш харажатларини 30-50 фоизгача қисқартиришга муваффақ бўлинди.

Шу каби тажриба Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманидаги Хонабод ҳудудида ҳам ўтказилди. Бу ердаги фермер хўжалигида 18 апрель куни тувакка экилган уруғлар катта қизиқиш уйғотди. Шундан сўнг тумандаги 100 гектар майдонда мазкур тажриба кенгайтирилди.
– Сув юзасида шоли етиштириш бўйича хўжаликларга мутахассислар томонидан мунтазам тавсиялар бериб борилди, – дейди АКИС Маркази мутахассиси Бегзод Жўраев. – Бу технологиянинг афзаллиги шундаки, у экологик тоза шоли етиштириш имконини беради, чунки кимёвий воситалар ишлатилмайди. Ҳосилни ўриш олдидан олиб борилган фенологик кузатувлар натижасида ўсимлик бўйи 1,5 метрни, бошоқ узунлиги эса 25 см ни ташкил этди. Ҳосилдорлик 60-70 центнерга етди. Мазкур тажриба шуни кўрсатдики кенгайтирилган 100 гектар майдонда олинган ҳосилдорлик, туман бўйича ҳисобланганда жами 500-600 тонна шоли демакдир.

Соҳа мутахассисларининг таъкидлашича, август охирида пишиб етиладиган кўл устидаги шолини қуритишда муаммо юзага келмайди. Умуман, Қуйи Чирчиқ ва Ёзёвон туманларида сув юзасида шоли етиштириш бўйича ўтказилган тажрибалар янги, ресурс тежовчи ва экологик тоза технологиянинг самарадорлигини намойиш этди. Бу усул сув сарфини, ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш ҳамда ҳосилдорликни ошириш орқали қишлоқ хўжалигида муҳим истиқболларни очмоқда.
Санжар Тошпўлатов,
ЎзА