Тоғасининг 336 миллион сўмини ўзлаштирган жиян: Суд пулни ундирди
Инсонлар ўртасида қариндошлик ришталарининг мустаҳкамлиги ва узоқ давом этишида ўзаро ишонч муҳим ўрин тутади.
Бироқ, бу ишончни суиистеъмол қилиш нафақат моддий зарарга, балки оилавий ва қариндошлик муносабатларининг бузилишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.
Хусусан, фуқаро У.Ж. ҳам жиянининг таниш-билишлари орқали уй олиб бериш ҳақидаги ваъдаларига ишонади. Тоға жиянининг гапларига ишониб, йиллар давомида йиғиб-териб тўплаган маблағини унга топширади. Бироқ, кейинчалик жияни уй-жой олиб бериш баҳонасида ундан 336 миллион 884 минг сўм пулни ўзлаштириб юборгани маълум бўлади.
Натижада жабрланувчи ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судга мурожаат қилишга мажбур бўлган. Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2026 йил 20 майдаги ҳукми асосида жабрланувчи Ж.У. фойдасига 336 миллион 884 минг сўм ундириш белгиланган.
Мазкур суд ҳужжати ижросини таъминлаш тўғрисидаги ижро ҳужжати 2026 йил 24 сентябрь куни Мажбурий ижро бюроси Шайхонтоҳур туман бўлими иш юритувига келиб тушган. Шу куннинг ўзида ижро ишини қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, қонунда белгиланган тартибда ижро ҳаракатлари бошланган. Ижро ҳаракатлари давомида давлат ижрочиси Д.Сайдахмедова томонидан судлар фаолиятини таъминлаш департаменти Тошкент шаҳар ҳудудий бўлимининг депозит ҳисобварағида бўлган маблағларни тегишли тартибда ўтказиш чоралари кўрилди. Аниқроғи, А.А.нинг қариндошлари томонидан 2026 йил 23 июль куни тўлов паттаси асосида депозит ҳисобварағига тўланган 341 миллион 720 минг 100 сўм маблағдан ундирувчига тегишли бўлган 336 миллион 884 минг сўм тўлиқ ўтказиб берилди.
Шу тариқа, суд ҳужжатида белгиланган талаб амалда бажарилиб, жабрланувчининг бузилган мулкий ҳуқуқларини тиклаш таъминланди. Ижро иши қонуннинг 41-моддаси биринчи бандига асосан амалда тамомланди.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА