Фарғона ва Тошкентда гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди
Гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланмаси жамият хавфсизлиги ва ёшлар келажагига жиддий таҳдид солувчи жиноятлардан бири ҳисобланади.
Бундай моддаларнинг мамлакат ҳудудига контрабанда йўли билан олиб кирилиши ва яширин тарзда тарқатилишига қарши курашиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тезкор тадбирлар ўтказилмоқда. Ана шундай тадбирлар давомида Тошкент шаҳри ва Фарғона вилоятида катта миқдордаги гиёҳвандлик моддалари аниқланиб, уч нафар шахс қўлга олинди.
Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирда Юнусобод туманида яшовчи, 1993 йилда туғилган шахс тўхтатилиб, текширилди.
Текширув давомида унинг ёнидан учта кичик идишда жами 257 грамм гашиш мойи топилди. Кейинчалик унинг яшаш манзилида ўтказилган тадбир натижасида яна 2 килограмм 831 грамм гашиш мойи ҳамда электрон тарози ашёвий далил сифатида олинди. Шунингдек, мазкур шахснинг интернет орқали фаолият юритувчи наркодўконда ишлагани аниқланди.
Гиёҳвандлик моддалари билан боғлиқ ҳолатлар Фарғона вилоятида ҳам қайд этилди. Давлат хавфсизлик хизматининг вилоят бошқармаси ходимлари Божхона ва Ички ишлар бошқармалари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказди.
Жумладан, Фарғона туманида яшовчи, 1988 йилда туғилган шахс қўшни давлатдан контрабанда йўли билан олиб келинган 982 грамм гашиш моддасини шартли харидорга 10 минг 700 АҚШ долларига сотмоқчи бўлган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Яна бир ҳолатда Фарғона шаҳрида яшовчи, 1997 йилда туғилган фуқаро қўшни давлатдан ноқонуний олиб кирилиб, Фарғона туманидаги яширин жойга қолдирилган 956 грамм гашиш моддасини олиб, уйига қайтаётганида қўлга олинди.
Ҳозирда ушбу учта ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА