Тошкентда автобусда чиптасиз юришни аниқлаш осонлашди: назорат қандай ўзгарди?
Тошкентда автобусларда йўл ҳақини тўламаган йўловчиларни аниқлаш тартиби босқичма-босқич такомиллаштирилди. Энди йўловчи автобусга чиқиши билан йўлкира ҳақини тўлаши керак, назоратчилар текширувни бошлаганда эса валидаторлар вақтинча блокланади. Янги тартиблар жорий этилганидан кейин маъмурий баённомалар сони ҳам сезиларли ошди. Бу рақамлар нимани англатади ва йўловчилар нималарга эътибор бериши керак?
Жамоат транспортидан фойдаланишда қулайлик ва тартиб бир-бирини тўлдириши керак. Йўловчи манзилига ўз вақтида етиб бориши, йўл ҳақини эса ортиқча оворагарчиликсиз тўлаши муҳим. Бунинг учун электрон тўлов тизимларини такомиллаштириш, улардан фойдаланишни осонлаштириш ва тўлов интизомини таъминлаш бўйича изчил иш олиб бориш талаб этилади.
Айниқса, йўлкира тўловини амалга ошириш вақти аниқ белгиланиши ва назорат жараёнида турли баҳсли ҳолатларнинг олдини олиш муҳим. Тошкент шаҳридаги автобус йўналишларида жорий этилган янги тартиблар ҳам шу мақсадга қаратилган. Бунда фақат қоидабузарликни аниқлаш эмас, балки йўловчилар учун тушунарли ва барчага бирдек қўлланадиган тўлов қоидаларини шакллантириш ҳам аҳамиятли.
Йўл ҳақини қачон тўлаш керак?
Вазирлар Маҳкамасининг 276-сонли қарорига мувофиқ, 1 сентябрдан бошлаб йўловчилар автобусга чиқиши билан йўлкира ҳақини тўлаши белгиланган. Бунинг учун транспорт ёки банк картасини валидаторга теккизиш, электрон тўловни амалга ошириш ёхуд имтиёзли йўловчи бўлса, тегишли карта орқали ўз ҳуқуқини тасдиқлаши лозим. Яъни, тўловни кейинроқ, масалан, бекатга етиб борганда ёки автобусдан тушиш олдидан амалга ошириш мумкин эмас. Йўловчи автобусга чиққан пайтда тўловни амалга оширмаган бўлса, у чиптасиз ҳаракатланаётган йўловчи сифатида баҳоланиши мумкин. Ушбу талаб, аввало, йўловчилар учун тўлов вақтига оид ноаниқликларни бартараф этишга қаратилган. Шунинг учун автобусга чиққанда тўловни дарҳол амалга оширишни одатга айлантириш кейинги тушунмовчиликларнинг олдини олади.
Назорат бошланганда валидаторлар нега блокланади?
Янгиликнинг иккинчи босқичи эса 1 октябрдан жорий этилди. Унга кўра, назоратчилар автобусга кириб, текширувни бошлаган вақтда валидаторлар вақтинча блокланади. Бунинг сабаби бор: назоратчиларни кўргандан кейингина йўл ҳақини тўлашга уриниш ҳолатларини аниқлаш учун назорат жараёнида тўлов имконияти вақтинча чекланади.

Масалан, йўловчи автобусга чиққанида тўловни амалга оширмаган, аммо назоратчиларни кўргач, карта теккизишга уринган бўлиши мумкин. Валидаторларни вақтинча блоклаш ана шундай ҳолатларни фарқлашни осонлаштиради. Текширув тугагач, валидаторлар яна ишга туширилади.
Баённомалар сони қарийб икки баробар ошган
Транспорт бошқармасининг ЎзАга маълум қилишича, Тошкент шаҳрида автобусларда йўл ҳақини тўламаган йўловчиларга нисбатан расмийлаштирилган маъмурий баённомалар сони йилнинг сўнгги ойларида сезиларли ошган. Хусусан, август ойида 10 минг 843 та баённома расмийлаштирилган бўлса, сентябрда бу кўрсаткич 20 минг 286 тага етган. Бу бир ойда 9 минг 443 тага ёки 87,1 фоизга кўп дегани. Октябрь ойининг дастлабки 26 кунида эса 21 минг 116 та баённома расмийлаштирилган. Бу сентябрь ойидаги тўлиқ кўрсаткичдан ҳам 830 тага кўп демак. Шунингдек, кунлик ўртача натижаларда ҳам ўсиш кузатилган: августда бир кунда ўртача 350 та, сентябрда 676 та баённома расмийлаштирилган. Октябрнинг 1–26 кунларида эса кунлик ўртача кўрсаткич 812 тани ташкил этган. Йил бошидан 26 октябрга қадар эса йўл ҳақини тўламаган жами 134 минг 300 нафар йўловчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Баённомалар сонининг ошишини эса чиптасиз юриш ҳолатларининг кўпайгани билан изоҳлаб бўлмайди. Бу кўрсаткичга назорат қамровининг кенгайиши ва қоидабузарликларни аниқлаш имкониятларининг ошгани ҳам таъсир кўрсатади.
Тўлов тизимини самарали ташкил этиш бўйича нега ҳамон инсон ресурсларидан фойдаланилмоқда?
Автобусларга ўрнатилган камераларни сунъий интеллект тизимига интеграция қилиб, йўл ҳақини ўз вақтида тўламаган йўловчиларни автоматик аниқлаш орқали ҳам уларга нисбатан чора кўриш тизими жорий этилиши мумкин эди-ку? Нега ҳамон бу борада инсон ресурсларидан фойдаланилмоқда?
Тошкент шаҳар йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш давлат муассасаси директор ўринбосари — Абдувоҳид Худайбердиевнинг бу юзасидан тушунтиришича, чиптасиз юришга қарши назорат чоралари хорижий тажриба ва маҳаллий шароит ҳисобга олинган ҳолда босқичма-босқич жорий этилмоқда.
Мисол, дастлаб йўловчиларга электрон тўлов тартиби тушунтирилиб, кейин маъмурий жавобгарлик қўлланила бошланган. Жорий йил сентябрдан эса йўл ҳақини автобусга чиқиш вақтида тўлаш талаби белгиланган, октябрдан эса назорат пайтида валидаторларни вақтинча блоклаш амалиёти жорий этилган.
Жорий йил бошидан 26 октябрга қадар эса чиптасиз юрган йўловчиларга нисбатан 134 минг 300 та маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 3 миллиард 98 миллион сўмдан ортиқ жарима ундирилган.
Айни пайтда эса йўловчилар сонини амалга оширилган тўловлар билан автоматик таққослайдиган сунъий интеллект ечимлари ҳам тайёрланган бўлиб, уларни дастлаб синовдан ўтказиб, кейин босқичма-босқич жорий этиш режалаштирилмоқда.
“Асосий мақсад кўпроқ жарима ундириш эмас, балки йўловчиларда автобусга чиққандаёқ йўл ҳақини тўлаш одатини шакллантиришдир”, дейди Абдувоҳид Худайбердиев.
Хулоса ўрнида айтиш жоиз, бугун йўловчиларга автобусларни аввалгидек узоқ кутиб турмасдан, белгиланган жадвал асосида қатнаётган транспорт орқали манзилига тезроқ етиб олиш шароитлари яратилди. Бунинг учун эса атиги 2,5 минг сўм тўлаш кифоя. Шундай экан, йўл ҳақини тўламаслик оқибатида жаримага тортилишдан кўра, арзимаган маблағни ўз вақтида тўлаб, манзилга хотиржам етиб олиш афзал эмасми?
Моҳичеҳра Эшмирзаева,
ЎзА