Тил - миллат ғурури
Ҳар йили юртимизда 21 октябрь санаси “Давлат тили қабул қилинган кун” сифатида кенг кўламда нишонланади, байрам қилинади. Бундан роппа-роса 37 йил олдин ушбу санада “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилиниб, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган эди.
Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Навоий шаҳрида ҳам 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан қатор маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокимлиги, ташкилот ва корхоналар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда Алишер Навоий номидаги истироҳат боғида қад ростлаган буюк мутафаккир ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилиб, Ҳазрат Навоийга чуқур эҳтиром кўрсатилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар сўнги йилларда мамлакатимизда ўзбек тилининг қадр-қиммати ва нуфузини юксалтириш, тил сиёсатини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, давлат тилини ривожлантириш мақсадида қабул қилинган меъёрий ҳужжатларнинг ижроси юзасидан олиб борилаётган ишлар тўғрисида тўхталиб ўтдилар.
- Миллий ўзлигимизни сақлаб қолишда, миллат бўлиб яшашимиз ва ривожланишимизда она тилимиз асосий восита бўлиб хизмат қилади, - дейди Навоий давлат университети профессори, адабиётшунос олим Абдуҳамид Холмуродов. - Уни асрамоқ, ҳимояламоқ, ривожлантирмоқ бу биз учун муқаддас бурч, эътиқод, ҳар нарсадан устувор вазифадир. Ва бунинг учун кўпроқ ўзбек тилида мулоқот қилишимиз, бошқа миллат вакилларига нисбатан ҳурматни сақлаган ҳолда уларга ҳам ўргатишимиз лозим. Тил мавзусига бағишланган тадбирларни йил давомида ташкил қилиш, унга турли миллат вакилларини таклиф этишимиз мақсадга мувофиқдир.
[gallery-32084]
Таъкидланганидек, ўтказилаётган бу каби байрам тадбирлари, шубҳасиз, келажак авлод қалбида она Ватанга, она тилимизга бўлган ҳурмат ва муҳаббатнинг янада ортиши, унинг нечоғлик аҳамиятга эга эканлигини англаб етишларига хизмат қилади.
Тадбир Маънавият ва маърифат марказида давом этди. У ерда она тили, ватан, дўстликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар ижро этилиб, саҳнавий кўринишлар намойиш қилинди.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари