Тиббиётда ҳамкорлик самаралари
Бухоро давлат тиббиёт институти кутубхонасига Москва давлат тиббиёт стоматология университети томонидан 2 миллиард 300 миллион сўмлик «Одам анатомияси» дарслик атласи китоби етказиб берилди.
– Тиббиётнинг асоси бўлган фанларнинг биттаси бу одам анатомияси фани ҳисобланади, – дейди Бухоро давлат тиббиёт институти ректори Шуҳрат Тешаев.
– Одам танаси тузилишини ўрганмасдан туриб, ҳеч бир талаба шифокор бўлолмайди. Шу кечаю-кундузда энг муҳим талаблардан бири фундаментал фанларни тўлиқ ўзлаштириш ҳисобланади. Ундан кейин клиник фанларни ўрганиш лозим. Анатомия фанининг атамалари лотин ёзувида аталиши керак. Институтда шу фанни ўзлаштириш учун қатор ишлар қилиняпти. Россияда чоп этилаётган китобларни ўзбек тилига таржима қилиш ва атласларни яратишни олдимизга мақсад қилиб қўйган эдик. Давлатимиз раҳбарининг кўрсатмасига асосан замонавий китобларни яратиш ишлари бошланди. Бу борада янги авлод дарсликлари яратила бошланди. Ўзбекистон – Россия олимлари билан ҳамкорликда Ўзбекистонда ягона бўлган одам анатомияси бўйича ўзбек, рус, инглиз, лотин тилларида атлас дарслиги яратилди.

Дарсликнинг 1-томи Москванинг энг замонавий нашриётида чоп этилди. Бу китобда 22 хил ранглар ишлатилган. Ҳар бир текстдан кейин одам аъзосининг рентген анатомияси берилган. Бу китоб нафақат талабалар учун балки ишлаб турган шифокорлар учун ҳам жуда керакли китоб ҳисобланади. Машаққатли меҳнатимиз натижасида 2-томи ҳам яратилди. 8 тонна тайёр китоблар Россиядан олиб келинди.
Мазкур китоблар Москвадаги «BiTuBi Grupp» нашриётида нашр этилган. Дарсликлар олийгоҳлар ўртасида имзоланган меморандумга асосан етказилди.
Фойдаланувчилар ушбу китобни мутолаа қилиш жараёнида смартфонидаги махсус илова орқали расмлардаги шаклларни 3D форматда кўриб, овозини эшитишлари мумкин.
Зариф Комилов, ЎзА