Қадимий тарих ва замонавийлик уйғунлашган Амман
Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлигининг пойтахти Амман Яқин Шарқнинг қадимий тарихи, бой маданий мероси ва ўзига хос меъморчилиги билан ажралиб турадиган шаҳарларидан биридир.
Тепаликлар бағрида қад ростлаган мазкур шаҳарда ўтмиш ва бугунги кун манзаралари ўзаро уйғунлашган. Бир томонда асрлар давомида сақланиб келаётган тарихий обидалар, қадимий кўчалар ва анъанавий бозорлар бўлса, иккинчи томонда замонавий бинолар, кенг хиёбонлар ҳамда савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуалари пойтахтга ўзгача қиёфа бағишлайди.
Амман тарихи бир неча минг йилликларга бориб тақалади. Қадимда Филадельфия номи билан ҳам маълум бўлган шаҳар турли цивилизациялар таъсирида шаклланган. Бу ерда Рим, Византия ва ислом даврларига оид меъморий ёдгорликлар ҳозиргача сақланиб қолган.
Шаҳарнинг диққатга сазовор масканларидан бири Жабал ал-Қалъа тепалигида жойлашган қадимий қалъа мажмуасидир. Унинг ҳудудида Геркулес ибодатхонаси, Византия черкови ва Умавийлар саройи қолдиқларини учратиш мумкин. Мазкур тарихий макондан Амманнинг тепаликлар бўйлаб кенг ёйилган манзараси намоён бўлади.
Пойтахтнинг яна бир машҳур обидаси милодий II асрда барпо этилган Рим театридир. Қарийб 6 минг томошабинга мўлжалланган ушбу иншоот қадимги меъморчилик санъатининг ноёб намуналаридан ҳисобланади. Бугун ҳам у шаҳарнинг муҳим тарихий ва маданий масканларидан бири сифатида ўз аҳамиятини сақлаб келмоқда.
Амманнинг ўзига хослиги фақат тарихий ёдгорликларида эмас. Тепаликлар бўйлаб жойлашган оч рангли тош бинолар, серқатнов кўчалар, миллий ҳунармандчилик буюмлари таклиф этиладиган бозорлар ва замонавий савдо марказлари шаҳар ҳаётининг ранг-баранглигини акс эттиради.
Айниқса, эски шаҳар ҳудудидаги анъанавий муҳит билан Абдали каби замонавий мавзелар қиёфаси ўртасидаги фарқ пойтахтнинг тарихий тараққиёти ва бугунги ривожини яққол намоён этади.
Айни кунларда Амман Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги олий даражадаги мулоқотлар муносабати билан ҳам эътибор марказида. Давлатимиз раҳбарининг 23–24 ноябрь кунларига белгиланган давлат ташрифи дастуридан мазкур шаҳарда музокаралар, икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирокида бизнес форуми ва бошқа қўшма тадбирлар ўрин олган.
[gallery-32677]
Қадимий обидалари, бетакрор шаҳар манзаралари ва замонавий тараққиёт белгиларини ўзида мужассам этган Амман Иорданиянинг нафақат сиёсий ва иқтисодий маркази, балки бой тарихий-маданий меросини намоён этувчи муҳим маскан ҳамдир.
Шавкат Тоҳиров,
Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА