Ўзбекистон ташаббуслари Жаҳон божхона ташкилоти сессиясида қўллаб-қувватланди
Жорий йилнинг 16–27 ноябрь кунлари Белгиянинг Брюссел шаҳрида Жаҳон божхона ташкилоти Уйғунлаштирилган тизим бўйича қуйи қўмитасининг 68-сессияси бўлиб ўтмоқда.
Халқаро тадбир доирасида Уйғунлаштирилган тизимнинг 2033 йилги янги таҳририни ишлаб чиқиш, амалдаги товар номенклатурасини такомиллаштириш ҳамда унга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Божхона қўмитаси маълумотига кўра, сессия кун тартибидан Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси томонидан илгари сурилган учта таклиф ҳам ўрин олган. Хусусан, инсон ва ҳайвон қиёфасидаги роботларни халқаро товар номенклатурасида таснифлаш масаласи экспертлар эътиборига ҳавола этилди.
Муҳокамаларда қўмитанинг расмий вакили, Ўзбекистон Республикасининг Белгиядаги элчихонаси маслаҳатчиси Л. Атоев мамлакатимиз божхона маъмурияти номидан сўзга чиқди. У илгари сурилган таклифларнинг мақсади ҳамда амалий аҳамиятини тушунтириб, баҳсларда фаол иштирок этди.
Айниқса, роботларни халқаро миқёсда таснифлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган Ўзбекистон ташаббуси қатор давлатлар томонидан қўллаб-қувватланди. Натижада ушбу масалани кейинги техник муҳокамалар доирасида давом эттириш ҳамда Жаҳон божхона ташкилоти Котибияти томонидан янгиланган ишчи ҳужжат тайёрлаш юзасидан келишувга эришилди.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА