Пойтахт ва вилоятни боғловчи янги автобус йўналиши ишга тушди
Шу кунларда энг кўп муҳокама қилинаётган масалалардан бири бу тирбандликдир. Хусусан, метроларда йўловчиларнинг кескин кўпайгани билан боғлиқ баҳслар авж олди. Бунга ечим сифатида метрополитен масъуллари автобус йўналишларидаги қатновларни кўпайтириш ва кутиш вақтини камайтиришни таклиф қилган эди.
Масалага ижобий ечим топиш йўлида жамоат транспорти қамровини кенгайтириш, пойтахт ва унга туташ ҳудудлар ўртасидаги транспорт алоқаларини янада мустаҳкамлаш, аҳоли учун қулай ва сифатли ташиш хизматларини ташкил этиш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Қувонарлиси, келиб чиқаётган ноқулайликларга ўз вақтида эътибор қаратилди. 2026 йил 23 ноябрдан бошлаб 158-сонли «Кенсой қўрғони — Юнусобод Универсам» янги автобус йўналиши йўловчиларга хизмат курсата бошлади.
Маълум қилинишича, мазкур йўналиш Тошкент вилоятининг Кенсой қўрғонидан бошланиб, Абу Райҳон Беруний университети, Раҳбар ота масжиди, 23-сонли оилавий поликлиника, Уч Қаҳрамон ва 271-мактаб ҳудудлари орқали Тошкент шаҳридаги Юнусобод Универсам бекатигача ҳаракатланади.
Йўналиш бўйлаб 10 та ўрта сиғимли замонавий автобус аҳолига хизмат кўрсатиши белгиланган.
Таъкидлаш керакки, янги йўналиш — аҳоли учун янги имконият, манзиллар ўртасида янада қулай ва узвий транспорт алоқасини яхшилашга хизмат қилади.
Шербек Исломов, ЎзА