Тиббиёт ходимларига эҳтиром кўрсатилди
Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан тиббиёт ходимлари куни муносабати билан тантанали маросим ўтказилди. Унда соғлиқни сақлаш тизимида самарали фаолият кўрсатаётган ходимлар, соҳа фахрийлари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Вилоят ҳокими Адиз Бобоев тиббиёт ходимларини табриклаб, инсон саломатлигини асраш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва самарадорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга юксак самара бераётганини таъкидлади.
– Бугунги кунда вилоятимизда республика ихтисослаштирилган тиббий марказларининг 10 та филиали, 6 та кўп тармоқли шифохона, Самарқанд давлат тиббиёт университетининг 4 та клиникаси, 16 та туман ва шаҳар марказий шифохоналари, 420 га яқин оилавий поликлиника ва унинг филиаллари фаолият кўрсатмоқда, – деди А.Бобоев. – Халқимиз бу муассасалар билан бирга 850 дан ортиқ хусусий шифохона ва тиббий марказлар хизматидан фойдаланмоқда. Соҳада олиб борилаётган изчил ислоҳотлар натижасида тиббиётнинг барча бўғинида ўзгаришлар бўлди. Натижада аҳолининг оворагарчилиги камайди, пойтахт ёки хорижга бориб эмас, вилоятнинг ўзида муолажа олиш имконияти пайдо яратилди. Биргина шу йилнинг ўзида юқори технологик операциялари турлари 196 тадан 205 тага ошди ва шу пайтгача 19 мингдан ортиқ шундай жарроҳлик амалиётлари бажарилди. Жумладан, 7 нафар беморда аутологик суяк кўмиги ўзак ҳужайралари, 47 нафар беморда жигар ва 189 нафар беморда буйрак трансплантацияси операциялар муваффақиятли ўтказилди. Юрагида нуқсони бўлган 565 нафар болада кардиожарроҳлик операциялари бажарилди. Муҳими, бу жараёнларни ўзимизнинг мутахассисларимиз, юқори малакали шифокорларимиз амалга оширмоқда.
[gallery-32393]
Байрам тадбири давомида соҳада фидокорона меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ тиббиёт ходимлари муносиб тақдирланди. Уларга соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Соғлиқни сақлаш аълочиси” ва “Халқ саломатлиги посбони” кўкрак нишонлари, вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари ҳамда эсдалик совғалари топширилиб, турли номинациялар бўйича рағбатлантирилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари