Навоийда байрам тадбири
Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида “11 ноябрь – Ўзбекистон Касаба уюшмалари куни” байрами муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.
Унда “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ Бошқаруви раиси – Бош директори Қувондиқ Санақулов сўзга чиқиб, мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида барча соҳаларда улкан ўзгаришлар юз бераётгани, Янги Ўзбекистон “Инсон - жамият - давлат” тамойили асосида тараққиётнинг янги босқичига қадам қўяётгани, ушбу ислоҳотларнинг бош мақсади - инсон қадрини улуғлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш, ҳар бир фуқаро учун муносиб ҳаёт ва меҳнат шароитларини яратиш эканлигини таъкидлади.

Бугунги кунда комбинат тизимидаги корхоналарда ишчи-ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, улар учун муносиб меҳнат ва турмуш шароитларини яратиб беришга алоҳида эътибор қаратилган.
Айни пайтда Навоий кон-металлургия комбинати касаба уюшмалари Кенгаши таркибидаги 7 та бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси 72 минг нафардан ортиқ аъзога эга.
Ҳозирда 6 та маданият масканида 7 минг нафарга яқин, 9 та спорт масканида эса 10 минг нафарга яқин ишчи-ходимлар, уларнинг оила аъзолари ва фарзандлари спорт билан мунтазам шуғулланмоқда. Ёзги таътил мавсумида 11 та соғломлаштириш оромгоҳида эса 12,5 минг нафар бола мазмунли дам олди ва соғломлаштирилди.

Жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида ишчи-ходимлар учун санаторий ҳамда профилакторийларга 11,8 мингдан ортиқ йўлланмалар ажратилди. “Қизилқум санъат ғунчалари”, “Қизилқум овози”, “Қизилқум оҳанглари”, “Олтин мерос” каби танловлар эса истеъдодларни кашф этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Байрам тадбирида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқовнинг Навоий кон-металлургия комбинати жамоасига йўллаган табригини Федерация раиси ўринбосари Ҳайдар Фозилов ўқиб эшиттирди.
Тадбирда 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан бир гуруҳ комбинат ходимлари, касаба уюшма қўмиталари вакиллари “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони, “НКМК фахрийси” унвони ҳамда фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.


Шунингдек, комбинат ишчи-ходимлари ўртасида ўтказиладиган анъанавий “Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси”, “Ишнинг энг яхши ташкилотчиси, қонун ва қоидалар билимдони” кўрик-танловларининг ғолиблари ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари кунига бағишлаб ўтказилган “Отам, онам ва мен – аҳил спортчилар оиласимиз” оилавий спорт мусобақаси, “Заковат” интеллектуал ўйини ғолиблари ҳам муносиб рағбатлантирилди.

Байрам тадбирида “Фарҳод” маданият саройи хонандалари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар барчага кўтаринки кайфият улашди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири