Тиббиёт: Ўзбекистон ва Франция ҳамкорлигида янги қўшма лойиҳалар амалга оширилади
Соғлиқни сақлаш вазири Элдор Адилов Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Уалид Фук билан учрашди.
Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Мулоқотда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик сўнгги йилларда мутлақо янги босқичга кўтарилгани алоҳида таъкидланди.
Айниқса, 2023 йилда Президент Эммануэль Макроннинг Ўзбекистонга, 2025 йилда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Францияга ташрифлари ҳамда юқори даражадаги мунтазам сиёсий мулоқотлар ўзаро алоқаларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда.
Томонлар Ўзбекистонда Густав Русси онкология маркази филиалининг ташкил этилишини юқори баҳолаб, бу лойиҳа мамлакатда онкологик хизматни такомиллаштиришга янада кенг йўл очишини таъкидлади.
Учрашувда юртимиз тиббиётига Франциянинг илғор тажрибасини жорий этиш билан боғлиқ қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.
Ўзбекистонлик тиббиёт мутахассисларининг етакчи француз клиникаларида малака ошириши, тиббий суғурта ва дори воситалари харажатларини қоплаш механизмларини жорий этиш масалалари шулар жумласидан.
Қолаверса, Франция компаниялари иштирокида Тошкент вилоятининг Амирсой, Оқтош, Ҳумсон ва Чимён курорт зоналарида замонавий травматология пунктларини ташкил этиш, республика тиббиёт муассасаларини юқори технологияли диагностика ускуналари билан жиҳозлаш бўйича пилот лойиҳаларни амалга ошириш хусусида сўз юритилди.
Ўз навбатида, Gustave Roussy ва Rothschild Foundation каби етакчи тиббиёт муассасалари билан институционал ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, мулоқотда вазир томонидан Франциянинг тиббиёт олий таълим муассасалари ва клиникалари ўртасида алоқаларни ривожлантириш, 2026–2027 йилларда мутахассислар алмашинуви дастурларини янада кенгайтириш бўйича қатор таклифлар билдирилди.
Якунда томонлар эришилган келишувларни амалий босқичга олиб чиқиш, қўшма лойиҳалар ижросини мувофиқлаштириш ҳамда мунтазам ишчи мулоқотни давом эттиришга келишиб олди.
М.Қосимова, ЎзА