Омбудсман вакиллари маҳкумлар билан учрашди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) бошчилигида унинг ҳузуридаги Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳи аъзолари Тошкент вилоятидаги 7-сонли жазони ижро этиш колониясига мониторинг ташрифини амалга оширди.
Мазкур жараёнда маҳкумларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари, улар учун яратилган яшаш ва маиший шароитлар, тиббий хизмат, озиқ-овқат таъминоти, меҳнат қилиш ҳамда яқинлари билан учрашиш имкониятлари ўрганилди. Шунингдек, давлат раҳбари томонидан илгари сурилган маҳкумларга “Иккинчи имконият” бериш ташаббуси доирасида амалга оширилган ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, маҳкумларни касб-ҳунарга ўргатиш, уларни жазони ўтаб бўлганидан кейин жамиятга мослаштириш ва мустақил ҳаёт бошлашига кўмаклашишга қаратилган чора-тадбирлар билан танишилди.
Мутахассислар таъкидлашича, ҳозирда маҳкумларнинг 95 фоизи иш билан таъминланган, жойлардаги ишлаб чиқариш корхоналарида ишлаб, тажриба оширяпти. Уларга меҳнати учун иш ҳақи ўз вақтида ва белгиланган тартибда берилмоқда. Шу билан бирга, UZINFOCOM мутахассислари томонидан мактаб дастури асосида махсус тест синовларидан сараланган 30 нафар маҳкумга компьютер дастурлаш ва инглиз тили бўйича ўқитилмоқда. Маҳкумлар келгусида озодликка чиққанидан сўнг мазкур йўналишларда бандлиги таъминланиши чоралари кўрилади.
[gallery-30562]
Ташриф доирасида муассасада ўрнатилган “Омбудсман қути”лари кўздан кечирилиб, улар орқали келиб тушган мурожаатлар қабул қилинди. Маҳкумлар билан якка тартибда ва холи суҳбатлар ўтказилди. Мониторинг давомида аниқланган ҳолатлар юзасидан тегишли ташкилотларга тавсиялар киритилиши белгиланди.
Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида Омбудсман ва унинг ҳузуридаги жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 521 маротаба мониторинг ташрифи амалга оширилди. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг шу даврида 491 тани, 2024 йилнинг биринчи ярмида эса 452 тани ташкил этган.
Мониторинглар доирасида қарийб 4 минг нафар шахс билан жамоавий ҳамда 1 минг 751 нафар шахс билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилди. Ташрифлар давомида шахсларни сақлаш шароитлари, яшаш ва овқатланиш, меҳнат қилиш, тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолати ва сифати, маънавий-маърифий ишлар, санитария-гигиена талабларига риоя этилиши, таълим-тарбия жараёнлари ҳамда бошқа масалалар ўрганилди.
Аниқланган камчиликлар юзасидан тегишли вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг тақдимнома, талабнома ва хулоса шаклидаги жами 23 та таъсир чораси киритилган. Эътиборлиси, Омбудсман томонидан қийноқларни олдини олиш бўйича мониторинг ташрифлари якуни юзасидан тайёрланган таҳлилий маълумотлар, жумладан, мониторинг жараёнида аниқланган камчиликлар Олий Мажлис палаталарига тақдим этилади.
А. Мусаев, А.Алижонов, ЎзА мухбирлари