Қашқадарёда «Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари кунлари ўтказилди
Қарши давлат университетида «Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари кунлари доирасида ижодий учрашув ҳамда «Янги Ўзбекистон орзуси» китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда «Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари бош муҳаррири Салим Дониёров, бош муҳаррир ўринбосари Абубакр Ўрозов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, профессор Абдураҳим Эркаев, Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари Фарҳод Кушаков, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Қашқадарё вилоятидаги минтақавий вакили Лола Саодатова, Қарши техника университети проректори, филология фанлари доктори Аброр Муртазоев, профессор-ўқитувчилар, ижодкорлар, талаба-ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Учрашувда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни аҳолига тезкор ва холис етказишда миллий босма нашрларнинг ўрни, замонавий журналистика ривожида таҳлилий материалларнинг аҳамияти хусусида фикр алмашилди.

Таъкидланганидек, «Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари нафақат босма шаклда, балки расмий веб-сайт ва ижтимоий тармоқларда ҳам фаол фаолият юритиб, кенг китобхонлар аудиториясига долзарб ахборот ва таҳлилий материалларни етказиб келмоқда. Бу, айниқса, ёшларнинг мамлакатда кечаётган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий жараёнлар ҳақида холис ва таҳлилий маълумотлар билан танишиш имкониятини кенгайтирмоқда.

Қарши техника университети проректори, филология фанлари доктори Аброр Муртазоев матбуотнинг жамоатчилик фикрини шакллантиришдаги ўрнига тўхталар экан, босма нашрлар нафақат ахборот манбаи, балки муайян давр воқеаларини тарих учун муҳрлаб қолдирадиган муҳим ҳужжат вазифасини ҳам бажаришини таъкидлади.

Унинг қайд этишича, «Янги Ўзбекистон» газетаси мамлакатда амалга оширилаётган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни кенг ёритиш, давлат сиёсатининг мазмун-моҳиятини аҳолига тушунарли тарзда етказиш, долзарб масалаларни муҳокама майдонига олиб чиқиш ҳамда таҳлилий журналистикани ривожлантиришни устувор вазифаларидан бири сифатида белгилаган.

Тадбир доирасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Салим Дониёров муаллифлигидаги «Янги Ўзбекистон орзуси» китобининг тақдимоти ҳам ўтказилди. Асарда мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар, янгиланиш жараёнлари ҳамда халқнинг орзу-интилишлари публицистик таҳлиллар орқали ёритилган.

Сенат аъзоси Абдураҳим Эркаев мазкур китобда давлат сиёсатининг мазмун-моҳияти, Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат ғоялари ўз аксини топганини таъкидлади. Шунингдек, «Янги Ўзбекистон» газетасида ички ва ташқи сиёсат, иқтисодиёт, саноат, қишлоқ хўжалиги, рақамли технологиялар, таълим, фан, маданият ва халқаро муносабатларга оид материаллар замонавий журналистика талаблари асосида ёритилаётгани эътироф этилди.
Учрашув якунида талаба-ёшлар ўртасида викторина ташкил этилди. Фаол иштирок этиб, саволларга тўғри жавоб берган қатнашчиларга эсдалик совғалари топширилди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири