Тезкор ёрдам – ҳаёт учун муҳим хизмат
ФОТОРЕПОРТАЖ
Республика тез тиббий ёрдам маркази Сурхондарё вилояти филиалида аҳолига шошилинч тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, чақириқларга тезкор жавоб қайтариш ва хизматларни рақамлаштириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда филиалда ягона электрон автоматлаштирилган бошқарув тизими ва замонавий Call-марказ фаолият юритмоқда. Тез тиббий ёрдам бригадалари замонавий махсус автомашиналар, радиоалоқа воситалари, GPS-трекерлар ва планшетлар билан таъминланган бўлиб, бу чақириқларга қисқа вақт ичида етиб бориш имконини яратмоқда.
[gallery-30633]
Тизимда моддий-техник базани мустаҳкамлаш билан бир қаторда, тиббиёт ходимларининг касбий маҳоратини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Филиалда ташкил этилган ўқув-симуляция марказида шифохонагача тез тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича амалий машғулотлар ўтказилиб, мутахассисларнинг билим ва кўникмалари мунтазам такомиллаштирилмоқда.
Бугун Сурхондарё вилоятида юзлаб тез тиббий ёрдам бригадалари аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш йўлида фаолият юритиб, замонавий техника ва рақамли технологиялардан самарали фойдаланмоқда.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА