Тезкор ҳаракат ва ҳамкорлик синовдан ўтказилди
Наманган вилоятининг Янги Наманган туманида жойлашган Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида Ўзбюекистон Фавқулодда вазиятлар вазири, генерал-майор Азизбек Икрамов раҳбарлигида махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди.
Ўқув машқида вилоятдаги тегишли давлат идоралари мутасаддилари, вилоят фавқулодда вазиятлар ва унинг ёнғин хавфсизлиги кучлари, шошилинч ва тез тиббиёт ёрдам кўрсатиш муассасалари, коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар – “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Наманган филиали, “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти “Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиали вакиллари иштирок этдилар.


Фавқулодда вазиятларда инсон ҳаётини асраш, жабрланганларга тезкор ёрдам кўрсатиш ҳамда тегишли хизматлар ҳамкорлигини мустаҳкамлаш мақсадида ташкилланган машқ давомида реанимация ва оғир аҳволдаги беморлар ҳамда хавфли ҳудудда қолган фуқароларни хавфсиз эвакуация қилиш, жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ишлари амалда намойиш этилди.


Бундан ташқари шартли ёнғинни бартараф этиш жараёнида ёнғин-қутқарув бўлинмаларининг жанговар ҳаракатлари ва ҳамкорликдаги ҳаракатланиш самарадорлиги синовдан ўтказилди. Шунингдек, фавқулодда вазиятларда куч ва воситаларни сафарбар этиш, ҳодиса жойида тезкор ҳаракатланиш, жабрланганларни қутқариш ва тиббий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, хизматлар ўртасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштиришга қаратилган ҳаракатлар ҳам намойиш этилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири