Ўзбекистон ва Жаҳон банки: аҳоли бандлигини таъминлашдаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда аҳоли фаровонлигини ошириш, камбағалликни қисқартириш ва барқарор иш ўринларини яратиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу борада нафақат миллий дастурлар амалга оширилмоқда, балки нуфузли халқаро молия институтларининг илғор тажрибаси ва экспертлик салоҳиятидан ҳам кенг фойдаланилмоқда.
Ана шундай тизимли мулоқотларнинг навбатдагиси сифатида Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг биринчи ўринбосари Марат Жўраев ҳамда Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича етакчи иқтисодчиси Оберт Пимҳидзаи ўртасида муҳим учрашув бўлиб ўтди.
Музокаралар давомида мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг натижалари, аҳоли даромадларини кўпайтириш механизмлари ҳамда келгусидаги стратегик ҳамкорликнинг янги босқичлари атрофлича муҳокама қилинди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш борасидаги ислоҳотлар ҳамда келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди.
Жаҳон банки вакили вазирлик томонидан амалга оширилаётган ишларни ижобий баҳолаб, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, меҳнат бозорини таҳлил қилиш, сифатли иш ўринларини кўпайтириш ҳамда касбий таълим ва меҳнат кўникмаларини ривожлантириш бўйича таклифларини билдирди.

Шунингдек, аҳолининг турмуш сифати ва иқтисодий хавфсизлигини оширишда халқаро тажрибадан фойдаланиш ҳамда Жаҳон банки билан амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА