Технология акцияси қулагандан сўнг АҚШ фонд бозори фьючерси тикланмоқда
Ўтган ҳафта сунъий интеллект соҳаси билан боғлиқ технология ва митти чип ишлаб чиқарувчи компаниялар акцияси кескин арзонлашгандан сўнг душанба куни АҚШ фонд бозори фьючерси қиймати ўса бошлади.
Фьючерс инвесторга акция ва фонд индексининг келажакдаги нархи бўйича олдиндан савдо қилиш имконини берувчи молиявий шартномадир.
Ҳозир Осиё ҳукумати фонд бозоридаги беқарорликни жиловлашга уринмоқда. Сармоядорлар сунъий интеллект учун маълумот марказлари қуришга қарз ҳисобидан йўналтирилган улкан маблағ кутилган даражада тез фойда келтиришига шубҳа билан қараётгани бозордаги тушкун кайфиятни янада кучайтирмоқда. Ўтган ҳафта "Nasdaq" индекси 10 фоиз тушиб, 2020 йил март ойидан буён энг йирик ҳафталик пасайиш кўрсаткичини қайд этди. Чип ишлаб чиқарувчи компаниялар улуши юқори Тайвань фонд бозори эса 1990 йилдан бери энг кескин пасайишга учради.
Душанба куни Осиё савдосида "Nasdaq" 100 фьючерси 3 фоиз, S&P 500 фьючерси эса 2 фоиз кўтарилди. Ҳукумат кўмагида Тайвань акцияси ҳам 2 фоиз ўсди. Жанубий Кореянинг KOSPI индекси 10 ойлик энг паст кўрсаткичдан бироз тикланган бўлса-да, савдони тахминан 2,5 фоиз пасайиш билан якунлади. Беқарорликка жавобан Жанубий Корея молия вазири зарурат туғилганда бозорни қўллаб-қувватлаш чораси кўрилишини билдирди. Тайвань молиявий регулятори акцияни қисқа муддатли сотиш қоидасини кучайтирди, Хитой эса фонд бозорини қўллаб-қувватлаш мақсадида маржинал молиялаштириш талабини юмшатди. Сиднейдаги “Wilson Asset Management” компанияси портфель стратегияси бўйича мутахассис Дэмиен Боуи фикрича, ўтган ҳафта АҚШ бозорида уч савдо сессияси давомида кучли ваҳима ҳукм сурган.
Ҳозирча инвесторларда бозор тез орада барқарорлашишига етарли ишонч йўқ. Мутахассис таъкидлашича, марказий банклар сиёсатида ўзгариш бўлмаса, сармоядорлар ишончини тиклаш мушкул кечади. Шу боис бозордаги ноаниқлик сақланиб турибди. Душанба куни Япония биржаси байрам муносабати билан ёпилди. Гонконг ва Хитой фонд бозори ҳам сўнгги ойлар учун энг паст даражага тушди. Жума куни кескин қимматлаган хавфсиз актив – облигация ва АҚШ доллари эса мавқеини деярли сақлаб қолди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА