Қирғизистон ва Қозоғистон чегарасида транспорт қатнови бир йилдан ортиқ муддатга тўхтатилади
Қирғизистон ва Қозоғистон чегарасидаги "Чалдибар" автомобиль йўли назорат-ўтказиш манзили орқали транспорт ҳаракати бир йилдан ортиқ муддатга тўхтатилади. Бу ҳақда “Кабар” ахборот агентлиги Давлат чегара хизматига таяниб хабар берди.
Маълум қилинишича, 23 ноябрдан жорий этилган чекловга Қозоғистон томонидаги “Сипатай Ботир” авто йўл ўтказиш манзилида жорий қурилиш ишлари олиб борилаётгани сабаб сифатида кўрсатилган.
25 ноябрь куни Бишкек вақти билан соат 01:00 дан бошлаб ушбу мажмуа орқали енгил ва юк машинаси, шунингдек автобус ҳаракати ҳар икки йўналишда тўлиқ тўхтайди. Фуқаролар чегарани пиёда кесиб ўтиши мумкин. Қозоғистон томони дастлабки маълумотига кўра, транспорт қатнови 2027 йил охирида қайта тикланиши режалаштирилган.
Бу давр оралиғида ҳайдовчи ва йўловчилар Чуй вилоятидаги “Оқ-Жол”, “Оқ-Тилек”, “Кен-Булун” ва “Тўқмоқ” назорат-ўтказиш масканлари орқали чегарадан ўтиши мумкин.
Ф.Яхшибоева, ЎзА