НАТО Украинага қалқон бўладими?
Трамп маъмурияти Украинага НАТО кафолатига ўхшаш ҳимоя таклиф қилиши Европада эҳтиёткор умид уйғотди. Айрим расмийлар ушбу ташаббусни Вашингтоннинг қараши Киев фойдасига ўзгараётгани белгиси сифатида кўряпти. Бундай кафолат қандай шарт эвазига берилиши ҳали номаълум.
Қўшма Штатлар етакчиси махсус вакили Жаред Кушнер Берлиндаги учрашувда Президент шундай келишувга тайёрлиги ва Россия ҳам таклифга қарши эмаслигини билдирди. Режа НАТОнинг 5-моддасига ўхшаш муҳофазани назарда тутади: Украинага ҳужум қилинса, ҳамкорлар жавоб чорасини кўради. Айни кафолат қандай амалга оширилиши ҳали аниқ эмас. Президент Владимир Зеленский ҳам томонлар лойиҳа мазмунини бир хил тушунаётганига ишончи комил эмаслигига ишора қилди.
Европада таклифга муносабат турлича. Франция Украинани тўлақонли НАТО аъзолигига қабул қилишни маъқул кўрмоқда. Польша, Болтиқ бўйи ва Шимол давлатлари эса Москва билан келишувда Киев манфаати қурбон бўлишидан хавотирда. Айниқса Донбассни Россияга бериш эҳтимоли жиддий эътироз келтириб чиқарган. “Chatham House” таҳлил маркази вакили Грегуар Рус бундай ёндашув Москвага Европа хавфсизлиги масаласида таъсир ўтказиш имконини бериши эҳтимолидан огоҳлантирди.
Мусулмон Зиё, ЎзА