Судан пойтахтида дрон ҳужуми туфайли 4 киши ҳалок бўлди
Судан пойтахти Хартум ва шаҳар атрофида учувчисиз учоқлар орқали амалга оширилган ҳужум оқибатида тўрт киши ҳалок бўлди. Зарба натижасида БМТга тегишли бино ҳам зарар кўрган.
“Sudan Tribune” газетаси ёзишича, Хартумдан шимоли-ғарбда жойлашган Омдурман туманида бир оиланинг уч аъзоси ҳаётдан кўз юмган. Пойтахт жанубидаги Жабол Авлиё ҳудудида эса 10 ёшли бола қурбон бўлган. Бир неча киши жароҳатланган.
Мамлакат ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими пойтахт осмонидаги айрим дронларни уриб туширгани хабар қилинди. Судандаги БМТ гуманитар масалалар бўйича доимий координатори Дениз Браун ёзма баёнотида ушбу ҳарбий амалиёт қораланиб, воқеа бегуноҳ аҳоли вакиллари ўлимига сабаб бўлгани келтирилган.
Аҳоли яшайдиган ҳудудда жойлашган БМТ биноларидан бири ҳам зарар кўрган. Портлаш чоғи бино ичида ташкилот ходимлари ҳам бор эди. Браун қуролли можаро давомида оддий аҳолига ҳужум қилиш халқаро ҳуқуқ меъёрига зидлигини таъкидлаган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА