Ўзбекистон ва Иордания: сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамда ҳудудлараро ҳамкорлик ривожлантирилади
Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Аъзамхўжаев “Иордания – Ўзбекистон” парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи раиси Ҳайел Убайдат бошчилигидаги делегация билан мулоқот қилди.
Онлайн шаклда ўтган учрашувда Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги парламентлараро алоқаларни янада кенгайтириш, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамда ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Икки давлат раҳбарлари ўртасида шаклланган ўзаро ишонч, мунтазам мулоқот ва дўстона муносабатлар кўп қиррали ҳамкорликни изчил ривожлантиришда муҳим асос бўлиб хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.
Мулоқот давомида парламентлараро алоқаларни фаоллаштириш, шунингдек, олий ва юқори даражада эришилган келишувларнинг амалий ижросини таъминлашда ҳамкорликни кучайтириш юзасидан фикр алмашилди.

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, саноат, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, ҳудудлар ҳамда ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик истиқболлари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, олий таълим муассасалари ва илмий марказлар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, академик алмашинувларни йўлга қўйиш, шунингдек, икки мамлакат халқларининг бой тарихий ва маданий меросидан келиб чиқиб, туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан таклифлар билдирилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА