Ота икки нафар фарзанди учун 150 миллион сўм алиментни олдиндан тўлади
Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида истиқомат қилувчи фуқаро ажримдан сўнг фарзандлари олдидаги моддий мажбуриятини бир йўла бажаришга қарор қилди. У фарзандлари 18 ёшга тўлгунига қадар тўланиши лозим бўлган алимент маблағларини олдиндан ҳисоб-китоб қилиб, 150 миллион сўмни тўлиқ тўлаб берди.
Маълум қилинишича, фуқаролик ишлари бўйича Хўжаобод туманлараро судининг 2022 йил 12 декабрдаги қарорига асосан қарздор А.Б.дан ундирувчи А.Х. фойдасига икки нафар фарзандининг таъминоти учун алимент ундириш белгиланган.
Мазкур ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Булоқбоши туман бўлими иш юритувига келиб тушгач, давлат ижрочиси томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилган.
Ижро жараёнида қарздор фарзандлари вояга етгунига қадар тўланиши лозим бўлган алимент маблағларини олдиндан, бир йўла тўлаб бериш истагини билдирган.
Натижада у икки нафар фарзандининг 18 ёшга тўлгунига қадар ҳисобланган жами 150 миллион сўм алимент маблағини ундирувчига тўлиқ тўлаб берди. Шу тариқа ижро ҳужжати амалдаги тартибда тамомланди.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА