Термизда халқаро очиқ кураш турнири бошланди
Термиз шаҳрида буюк аллома Ал-Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган “Мардлар майдони” шиори остида халқаро очиқ кураш турнири бўлиб ўтмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 24 июлдаги “Буюк ватандошимиз, ҳадис ва тасаввуф илмининг етук намояндаси Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган турнирда 15 дан ортиқ давлат ҳамда ўзбекистонлик юздан ортиқ полвон ғолиблик учун баҳслашмоқда.

Саралаш баҳсларида полвонлар -73, -81 килограмм ва +90 килограмм вазн тоифаларида ўз кучи, маҳорати ва чаққонлигини намойиш этмоқда.

Халқаро турнир матбуот хизматидан олинган маълумотга кўра, нуфузли мусобақанинг соврин жамғармаси 42 минг долларни ташкил этади.

Тадбирнинг тантанали очилиш маросими бугун куннинг иккинчи ярмида бўлиб ўтади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири