Жаҳоннинг энг кучли ёш дзюдочилари Тошкентда беллашмоқда
Пойтахтимиздаги "Олимпия шаҳарчаси"да дзюдо бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати баҳслари давом этмоқда. Ўзбекистонда илк бор ташкил этилаётган ушбу нуфузли мусобақада 78 мамлакатдан 574 нафар спортчи иштирок этяпти.
Мусобақанинг 20 ноябрь кунги баҳсларида тўртта вазн тоифасида ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
Қувонарлиси, эркаклар ўртасида -81 килограмм вазн тоифасида беллашган Саъдулла Равшанов финалга қадар етиб борди. Ҳал қилувчи учрашувда россиялик Ярослав Бунаковга имкониятни бой берган ҳамюртимиз жаҳон чемпионатининг кумуш медалига сазовор бўлди. Бу вазн тоифасида черногориялик Стеван Садику ва беларуслик Станислав Алхоу бронза медалларини қўлга киритди.

Эркаклар ўртасида -73 килограмм вазн тоифасида россиялик Павел Коловердов олтин медалга сазовор бўлди. Жазоирлик Уссама Абделҳак Ҳезил кумуш, мисрлик Юсеф Элкассар ва япониялик Юра Ёкоо бронза медалларини қўлга киритди.
Аёллар ўртасида -63 килограмм вазн тоифасида франциялик Манон Агати-Алуаше олтин, мўғулистонлик Цэндбазар Машбат кумуш медални қўлга киритди. Россиялик Айшат Алиева ва словениялик Лейла Мазузи бронза медалларига эга чиқди. -70 килограмм вазнда эса сербиялик Александра Андрич чемпионликни нишонлаган бўлса, черногориялик Андриана Сутович иккинчи ўринни эгаллади. Япониялик Аои Комине ва канадалик Чарли Тибо шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди.
Шу тариқа, кечаги тўртта вазн тоифасида жами 16 нафар дзюдочи медаллар билан тақдирланди. Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобида эса мусобақанинг дастлабки икки кунидан сўнг битта олтин ва битта кумуш медаль мавжуд. Илк олтин медални 19 ноябрь куни −60 килограмм вазн тоифасида Муҳаммаджон Машарипов қўлга киритган эди.
Бугун, 21 ноябрь куни шахсий биринчиликнинг сўнгги кунида яна бешта вазн тоифасида ғолиб ва совриндорлар аниқланади. Унда Ўзбекистон терма жамоасининг 11 нафар вакили татамига чиқади.
Эркаклар ўртасида -90 килограмм вазнда Дилшод Назиров, Иномжон Баҳодиров ва Беҳрузбек Рустамбоев, -100 килограммда Муҳаммадали Саъдуллаев ҳамда Муҳаммадобид Маҳмарайимов, +100 килограммда Фазлиддин Рафиқов ва Алибек Дурдиев медаллар учун кураш олиб боради.
Аёллар ўртасида -78 килограмм вазнда Маржона Кўчимова ва Шоира Аминова, +78 килограммда Зарина Бобоназарова ҳамда Юлианна Шубладзе юртимиз шарафини ҳимоя қилади.
Қайд этиш жоиз, шахсий биринчилик якунланганидан сўнг, 22 ноябрь куни жаҳон чемпионати доирасида аралаш жамоавий беллашувлар ўтказилади. Унда 16 мамлакат терма жамоаси иштирок этиши режалаштирилган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
Карим Худойқулов (видео),
ЎзА