Шахмат турнири: Нодирбек Абдусатторов 11 минг АҚШ доллари билан тақдирланди
Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида дунёнинг энг номдор 24 нафар шахматчиси иштирокида янгича форматда ўтказилган “Total Chess World Championship Tour 2026”нинг ҳал қилувчи баҳслари натижасига кўра Нодирбек Абдусатторов 23-ўринни эгаллади.
Ортда қолган плей-офф босқич ўйинларидан сўнг Нодирбек Абдусатторов ҳиндистонлик Вайшали Рамешбабу билан 23–24-ўринлар учун баҳс олиб борди.
Мусобақанинг дастлабки партиясида 16:4 ҳисобида ғалабага эришган Абдусатторов ҳал қилувчи кунда рақибини 20:0 ҳисобида таслим этди.
Сўнгги куни у тўртта блиц, иккита рапид ва битта тезкор классика партиянинг барчасида устунликка эришиб, 20 очко жамғарди ва 23-ўринни банд этиши ортидан 11 минг АҚШ доллари билан тақдирланди.

“Total Chess World Championship Tour 2026” мусобақасида ноқулай вазиятлар ҳам қайд этилдики, бу ишқибозлар, шахматчиларнинг эътирозларига ҳам сабаб бўлди.
Хусусан, бугунги кунда жаҳон рейтингининг якка пешқадами Магнус Карлсенни айрим ўйинларга бўлган муносабати эътирозларга сабаб бўлди. Мазкур мусобақанинг ярим финал босқичида қозоғистонлик Бибисара Асаубаева билан баъзи партияларда ўйнашдан бош тортгани, кеча охирги тур ўйинларида Магнус Карлсен россиялик Владислав Артемевга қарши 17–18-ўринлар учун баҳсда кутилмаган қарор қабул қилиши ўзига хос шов-шувларни келтириб чиқарди.

Дастлаб тўртта блиц партиянинг учтасида ғалаба қозонган Карлсен кейинги иккита рапид партиясига келмай техник мағлубият олди. Артемев 9:3 ҳисобида олдинга чиққан вазиятда ҳал қилувчи “Fast Classic” партияда Карлсен ғалаба қозонди. Ушбу ютуқдан кейин Карлсен 8 очкони қўлга киритиши ва баҳсни 11:9 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилгани мунозараларга сабаб бўлди.
Дунёнинг ТОП-24 шахматчиси иштирокида учта йўналишдаги мусобақалар якунига кўра, янгича тизимдаги чемпионатда ким қайси ўринларга лойиқлиги маълум бўлди.
Жаҳон шахмати ишқибозлари эътибор марказидаги мусобақада франциялик гроссмейстер Алиреза Фирузжа турнир ғолибига айланиб, 80 минг АҚШ доллари билан тақдирланди.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА