Теннисчи қизларимиз ишончни оқлади
Куала-Лумпурда теннис бўйича ўтаётган "Billie Jean King Cup" мусобақасида Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Малайзия устидан ишончли ғалабага эришиб, гуруҳ босқичини иккинчи ўринда якунлади ва плей-офф босқичига йўл олди.
Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳрида теннис бўйича ўтказилаётган “Billie Jean King Cup” мусобақасининг Осиё/Океания минтақаси II гуруҳида Ўзбекистон аёллар терма жамоаси навбатдаги ғалабани қўлга киритди.
Малайзия терма жамоасига қарши баҳсда теннисчиларимиз яккалик учрашувларидаёқ умумий ғалабани таъминлади. Нигина Алимова рақиби Дания Даниэлла Ҳазлини 6:2, 6:0 ҳисобида мағлуб этган бўлса, Севил Юлдашева Дхевиеена Сараванан устидан 6:3, 6:3 ҳисобида зафар қучди.

Шу тариқа, ҳисоб 2:0 кўринишида Ўзбекистон терма жамоаси фойдасига ҳал бўлди. Жуфтлик баҳси эса ёмғир сабаб вақтинча тўхтатилди. Ушбу пайтда Алимова ва Юлдашева жуфтлиги 7:5, 3:1 ҳисобида олдинда бораётган эди.
Мазкур ғалаба эвазига Ўзбекистон аёллар терма жамоаси гуруҳ босқичини иккинчи ўрин билан якунлаб, плей-офф босқичига йўл олди. Энди жамоани ҳал қилувчи ўйинларда янада кучли рақиблар, юқори босим ва кейинги босқичга чиқиш учун кескин кураш кутиб турибди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА