Республика олимпия ва паралимпия спорт маркази 65 йиллигини нишонлади
Тошкент шаҳрида Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази ташкил этилганининг 65 йиллиги муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси спорт вазири ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудов ва Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари Шерзод Тошматов, марказнинг турли йиллардаги битирувчилари, фахрий меҳмонлар, таниқли спортчилар, мураббийлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар марказнинг мамлакатимиз спорти тараққиётидаги ўрни ва аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтди. Таъкидланганидек, 65 йил давомида мазкур таълим муассасаси юртимиз учун кўплаб иқтидорли спортчиларни тарбиялаб, олимпия ва паралимпия ҳаракати ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Ушбу даргоҳда таҳсил олган спортчилар орасида Олимпия ва Паралимпия ўйинлари чемпион ва совриндорлари, жаҳон ҳамда Осиё чемпионлари, халқаро мусобақалар ғолиблари етишиб чиққан. Бугунги кунда ҳам марказда истиқболли ёшларни саралаш, уларнинг жисмоний ва маънавий салоҳиятини юксалтириш ҳамда юқори малакали спортчиларни тайёрлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Тантанали маросимда марказнинг кўп йиллик самарали фаолияти, мамлакатимизда олимпия ва паралимпия спортини ривожлантиришдаги хизматлари ҳамда эришилган ютуқлари эътироф этилди.
Шунингдек, спорт соҳасида узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб келаётган, ёш авлодни тарбиялаш ва марказ фаолиятини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган бир гуруҳ ходимлар Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлигининг «Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланди. Мукофотлар ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.
Тадбир доирасида марказнинг 65 йиллик тарихи, фаолияти ва турли йилларда эришган натижаларини акс эттирувчи видеолавҳалар намойиш қилинди. Фахрийлар ва битирувчилар ўз хотиралари билан ўртоқлашиб, жамоага келгуси фаолиятида улкан муваффақиятлар тилади.
Санъат усталари ижросидаги куй-қўшиқлар тадбирга кўтаринки руҳ бағишлади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА