Гимнастикачиларимиз халқаро майдонда 5 та медалга сазовор бўлди
Хитойдаги мусобақа гимнастикачиларимиз учун ўз тажрибасини янада ошириш ва нуфузли мусобақаларга муносиб тайёргарлик вазифасини ўтади.
Спорт ва бадиий гимнастика бўйича нуфузли халқаро мусобақалар якунига етди. Қувонарлиси, Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари жами 5 та медални қўлга киритди.
Спорт гимнастикаси бўйича Осиё чемпионатида Ўткирбек Жўраев катталар ўртасида дастакли от машқида чемпионликни қўлга киритди. Шунингдек, ёшлар баҳсларида Бекзод Бахтиёров таяниб сакраш, Тимур Камаев эса дастакли от машқида бронза медалига сазовор бўлди.

Пекин шаҳрида ўтказилган бадиий гимнастика бўйича Жаҳон челленж кубогида спортчиларимиз муваффақиятли иштирок этди. Гуруҳ машқларида Фотима Эл-Санкари, Милана Сафина, Иродахон Содиқова, Мишель Нестерова ва Диана Ҳакимовадан иборат жамоа 5 та тўп дастурида бронза медални қўлга киритди. Шунингдек, Наталья Усова тасма машқида шоҳсупанинг учинчи поғонасига кўтарилди.
Шу тариқа, ўзбекистонлик гимнастикачилар халқаро мусобақаларда 1 та олтин ва 4 та бронза медалига эга чиқди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА