Темурийлар хонадони тарихини тасвирий манбалар орқали ўрганиш имкони яратилди
Темурийлар хонадони тарихини тасвирий санъат намуналари орқали ўрганиш нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон тарихшунослиги учун ҳам беқиёс илмий аҳамиятга эга бўлиб, бу асарлар ўша даврни тадқиқ этишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Тарихчи олимлар Абдумажид Мадраимов ва Аскарий Мадраимов ҳаммуаллифлигида “Темурийлар хонадони тарихи: Акбаршоҳ аждодлари” номли янги илмий нашр чоп этилди. Унда Амир Темур ва Темурийлар сулоласи вакилларининг ҳаёти, тарихий-маданий мероси ҳамда Бобурийлар даврига оид муҳим воқеалар ноёб миниатюралар асосида тадқиқ этилган.
Нашрнинг асосий манбавий негизини Ҳиндистоннинг Патна шаҳридаги Худо Бахш Шарқ қўлёзмалари жамоат кутубхонасида сақланаётган 131 та ноёб миниатюра ташкил этади. Ушбу тасвирларда Амир Темур давридан Бобурийлар сулоласи ҳукмронлигигача бўлган тарихий жараёнлар, ҳукмдорлар фаолияти, сарой муҳити ва ўша даврнинг маданий анъаналари ўз аксини топган.
Тадқиқотда, шунингдек, XVI–XVII асрларда Ҳиндистон, Хуросон ва Шимолий Хитой ҳудудларида кечган тарихий-маданий жараёнлар, миниатюра санъатининг ўзига хос хусусиятлари ҳамда тасвирий манбаларнинг илмий аҳамияти чуқур таҳлил қилинган. Мазкур асар Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Темурийлар тарихи давлат музейи ҳамда Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳамкорлигида тайёрланган.
Ушбу китоб Темурийлар ва Бобурийлар сулолалари ўртасидаги тарихий ворисликни, аждодларимиз қолдирган бой маданий меросни ҳамда Шарқ миниатюра санъатининг тарихий манба сифатидаги ўрнини чуқурроқ англаш имконини беради.
Айниқса, хориждаги кутубхона ва қўлёзма фондларида сақланаётган Ўзбекистон тарихига оид ноёб манбаларни аниқлаш, тадқиқ этиш ва илмий муомалага киритиш бугунги кунда долзарб аҳамият касб этмоқда.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА