Бола ҳуқуқи: эътирофдан амалий ҳимоягача
Бола бугун қандай шароитда яшаётгани, ҳуқуқи қай даражада таъминланаётгани ва салоҳиятини намоён этиши учун нечоғли имкониятга эгалиги жамиятнинг эртанги кунини белгилаши мумкин. Шу боис бола ҳуқуқи ҳимояси фақат қонунчиликда белгиланган мажбурият эмас, балки ҳар бир боланинг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шарт-шароит яратиш масъулиятидир.
1989 йил 20 ноябрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган Бола ҳуқуқи тўғрисидаги конвенция болани мустақил ҳуқуқ ва эркинлик соҳиби сифатида эътироф этиб, унинг ҳуқуқи ҳимояси халқаро стандартини белгилаб берди. Халқаро ҳамжамият ушбу тарихий ҳужжат қабул қилинганининг 37 йиллигини нишонламоқда.
Ўзбекистон 1992 йил 9 декабрда мазкур Конвенцияга қўшилиши билан мамлакатимизда бола ҳуқуқи таъминланишининг миллий ҳуқуқий асоси шаклланди. Кейинги йилларда бу борадаги қонунчилик такомиллашиб, бола манфаати муҳофазасига ихтисослашган институтлар фаолияти ҳуқуқий асоси мустаҳкамланди. Айни пайт рақамли макондаги таҳдид, кибер буллинг ва болалар шахсий ҳаёти дахлсизлиги билан боғлиқ масалалар долзарб аҳамият касб этмоқда.
Хўш, Конвенциянинг бугунги кундаги аҳамияти нимада? Ўзбекистонда бола ҳуқуқини ҳимоя қилиш тизими қандай ҳуқуқий асосга таянади? Янги давр қандай вазифани кун тартибига қўймоқда? Шу саволлар билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқи бўйича вакили (Омбудсман) Девони Халқаро ҳамкорликни ривожлантириш сектори етакчи маслаҳатчиси Диёра Абдуллаева билан суҳбатлашдик.
– Бола ҳуқуқи тўғрисидаги конвенция болалар ҳуқуқини ҳимоя қилишга оид қандай тамойилларни белгилаб берди?
– Бола ҳуқуқи тўғрисидаги конвенция болаликка муносабатни тубдан ўзгартириб, ҳар бир бола ҳуқуқи ҳимоясининг халқаро стандартини белгилаб берган муҳим ҳужжатдир. 1989 йил БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган мазкур қоида болани мустақил ҳуқуқ ва эркинлик соҳиби сифатида эътироф этиш йўлидаги тарихий қадамдир. Ташаббуснинг асосий ғояси шундан иборатки, ҳар бир бола келиб чиқиши, жинси, соғлиғи ҳолати ёки ижтимоий мавқеидан қатъи назар, муносиб ҳаёт кечириш, таълим олиш, ривожланиш, зўравонликдан ҳимояланиш ҳамда инсон шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эга. Конвенциянинг алоҳида аҳамияти бола учун энг устун манфаатни таъминлаш тамойили мустаҳкамланишида намоён. Бу бола тақдирига дахлдор ҳар қандай қарорни қабул қилишда, энг аввало, уларнинг фаровонлиги, хавфсизлиги ва келажаги устувор аҳамият касб этиши лозимлигини англатади.
– Ўзбекистон мазкур Конвенцияга қўшилиши мамлакатимизда бола ҳуқуқи ҳимояси тизими ривожида нечоғли аҳамият касб этди? Кейинги йилларда бу борада қандай муҳим ҳуқуқий асослар яратилди?

– Ўзбекистон Республикаси 1992 йил 9 декабрда мазкур Конвенцияга қўшилиши мамлакатимизда инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш миллий тизимини шакллантириш йўлидаги муҳим қадамдир. Ўтган йиллар давомида “Бола ҳуқуқи кафолати тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниши, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя соҳаларидаги қонунчилик такомиллаштирилиши, ногирон ҳамда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган болаларни қўллаб-қувватлаш чоралари кенгайтирилиши ёш авлод ҳуқуқини таъминлашга қаратилган умумий ёндашув шаклланаётганидан далолат. Янгиланган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида боланинг ҳуқуқи, эркинлиги ва қонуний манфаатини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, уларнинг тўлақонли жисмоний, ақлий ва маданий ривожланиши учун зарур шарт-шароит яратиш бўйича давлат мажбурияти мустаҳкамлангани алоҳида аҳамиятга эга. Бола ҳуқуқи ҳимоясининг институционал тизими мустаҳкамлангани ҳам муҳим ютуқлардан биридир. Хусусан, 2024 йил “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Бола ҳуқуқи бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида”ги алоҳида Қонун қабул қилиниб, болалар ҳуқуқини ҳимоя қилишга ихтисослашган мазкур институт фаолиятининг ҳуқуқий асоси белгиланди. Шунингдек, 2025 йил кучга кирган “Болани зўравонликнинг ҳар қандай шаклидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниши бола хавфсизлигини таъминлаш ва унинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш механизмини такомиллаштиришда муҳим қадамдир.
– Бугунги давр бола ҳуқуқини ҳимоя қилишда қандай янги муаммоларни юзага чиқармоқда? Хусусан, рақамли муҳит билан боғлиқ таҳдид нимада намоён?
– Бугунги давр воқелиги бола ҳуқуқи ҳимоясига янгича ёндашув тақозо этмоқда. Рақамлаштириш жараёни, кибер буллинг тарқалиши, боладан турли шаклда фойдаланиш ва нинг шахсий ҳаёти дахлсизлигига таҳдид давлат ҳамда жамият олдига янги вазифа қўймоқда. Бу ҳолат бола ҳуқуқи ҳимояси тизимини замон талабига мувофиқ такомиллаштириш зарурлигини кўрсатади. Зеро, боланинг ҳуқуқи ва қонуний манфаатини ҳимоя қилишда юзага келаётган янги таҳдид ҳам эътибордан четда қолмаслиги лозим.
– Конвенцияда белгиланган тамойилларни амалда тўлиқ таъминлаш учун нималарга эътибор қаратиш зарур? Бола ҳуқуқи ҳимояси тизимининг самарадорлиги, сизнингча, қандай намоён бўлади?
– Фикримча, Конвенциянинг асл қадр-қиммати нафақат ҳужжатда мустаҳкамланган тамойил, балки режа амалда нечоғли рўёбга чиқарилаётганида намоён. Бола ҳуқуқи ҳимояси тизими самарадорлиги ҳар бир боланинг, ҳаётий шароитидан қатъи назар, ўз фикри эшитилиши, вақтида зарур ёрдам олиши ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариши учун қанча имконият яратилгани билан баҳоланиши лозим. Шу боис қонунчиликни янада такомиллаштириш билан бирга, амалда самарадорлик ижро этилишини таъминлаш, жамиятнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳамда бола ҳуқуқининг ҳар қандай бузилишига нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш муҳим аҳамият касб этади. Зеро, бола ҳуқуқини ҳимоя қилиш нафақат давлатнинг халқаро мажбурияти, балки жамият маънавий етуклигининг ҳам муҳим мезонидир. Давлатнинг келажаги бугун ҳар бир боланинг ҳуқуқи, шаъни, қадр-қиммати ва қонуний манфаати қай даражада ишончли ҳимоя қилинаётганига бевосита боғлиқ.
Мусулмон Зиё суҳбатлашди, ЎзА