Абдурауф Абдураҳим ўғли Фитрат: тилшунос, драматург, ислоҳотчи (+видео)
2026 йилда жадидчилик ҳаракатининг йирик намояндаси, адиб, олим ва давлат арбоби Абдурауф Фитрат таваллудининг 140 йиллиги кенг нишонланмоқда. 1886 йилда Бухорода туғилган аллома ўзбек тилшунослиги, адабиётшунослиги, драматургияси ва миллий уйғониш ғоялари ривожига улкан ҳисса қўшган.
Абдурауф Абдураҳим ўғли Фитрат ўзбек маданияти тарихига шоир ва носир, драматург ва публицист, тилшунос ва адабиётшунос, тарихчи ва файласуф, санъатшунос ва жамоат арбоби сифатида кирди.
Абдурауф Фитрат 1886 йили Бухорода зиёли оиласида туғилган. Дастлабки таълимни Бухоро, Истамбул мадрасалари ва дорилфунунларида олди. У араб, форс, турк тилларини мукаммал билганлиги туфайли Шарқнинг буюк алломалари ижодини яхши ўзлаштирди.
Адибнинг отаси савдо ишлари билан шуғулланган бўлиб, 1918 йилгача Қашқарда туриб қолган. У асосан, онаси Мустафо биби (Бибижон) тарбиясида бўлиб, у туфайли Бедил, Навоий, Фузулий, Зебунисо, Увайсий каби улкан шоирларнинг ғазалларидан хабардор бўлди.
Фитрат 1909 йили Туркияга ўқишга бориб, 1913 йилгача Истанбул дорилфунунида таҳсил кўрди. Туркияда ташкил топган “Бухоро таълими маорифи” уюшмасида фаоллик кўрсатди. Унинг илк тўплами 1911 йилда “Сайҳа” (“Чорлов”) номи билан чоп этилди. “Сайёҳи ҳинди”, “Мунозара” каби асарлари ҳам шу йилларда Туркияда нашр этилди.
1909-1913 йилларда Туркия дорилфунунида ўқиётганида жадидчилик ғоялари билан танишиб, шу ғоялар билан суғорилган асарлар ёзди. У Туркиядаги таҳсили даврида ўзига Фитрат (зукко, доно, билимдон) деб тахаллус олди.
“Жадидлар — миллат қаҳрамонлари“ лойиҳасининг бу галги сони ёзувчи, шоир, журналист, сиёсий арбоб ва Туркистон жадидчилигининг ғоявий етакчиларидан бири сифатида танилган — Абдурауф Абдураҳим ўғли Фитратнинг 140 йиллигига бағишланади.
Муҳайё Турдалиева, Нишонбой Абдувоитов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА