“TASHKENT CYBERLEX - 2026”: рақамли даврда қонун устуворлиги ва киберхавфсизлик бўйича глобал мулоқот
Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида “TASHKENT CYBERLEX - 2026” халқаро илмий-амалий форуми бўлиб ўтди.
“Рақамли даврда қонун устуворлигини таъминлаш: инновациялар, инсон ҳуқуқлари ва хавфсизлик мутаносиблиги” мавзусига бағишланган мазкур форум мамлакатимизда илк бор ташкил этилди.
Рақамли трансформация шароитида қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ва хавфсизлик ўртасидаги мувозанатни сақлаш, шунингдек инновацион технологияларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимига масъулиятли ва самарали жорий этиш масалаларига бағишланган нуфузли форум халқаро эксперт платформасига айланди.

Зеро, рақамлаштириш, сунъий интеллект, рақамли далиллар, криптоактивлар ва кибержиноятчилик давлатлар ҳуқуқий сиёсати ҳамда миллий хавфсизлик тизимининг энг долзарб йўналишларидан бирига айланди. Шу нуқтаи назардан, форум мамлакатимизда рақамли давлат қуриш, ҳуқуқий тизим ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасини модернизация қилишга қаратилган сиёсатнинг мантиқий давоми бўлди.
Форум доирасидаги ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев, Олий суд раиси Бахтиёр Исломов, ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Ботир Қудратхўжаев, Миллий гвардия қўмондони Баҳодир Тошматов, Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раҳбарияти, шунингдек халқаро ташкилотлар вакиллари ва экспертлар иштирок этди.

Форум ишида Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ), INTERPOL, Германия халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик жамғармаси (IRZ), Европа кибертаълим тармоғи (ECTEG) ҳамда бошқа нуфузли халқаро институтлар экспертлари иштирок этди.
Форумда АҚШ, Германия, Франция, Япония, Корея, Хитой, Сингапур, Нидерландия, Австрия, Латвия, Исроил, Вьетнам, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Молдова, Озарбайжон ва бошқа давлатлардан прокурорлар, суд экспертлари, олимлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва рақамли технологиялар соҳаси мутахассислари қатнашди.
“Рақамли даврда қонун устуворлигини таъминлаш: инновациялар, инсон ҳуқуқлари ва хавфсизлик мутаносиблиги” мавзусида ўтган ялпи мажлисда рақамли ривожланиш шароитида ҳуқуқий сиёсат, давлат хавфсизлиги ва инсон ҳуқуқлари ўртасидаги мувозанатни таъминлашнинг замонавий ёндашувларини муҳокама қилинди.
Форум доирасида ташкил этилган тўртта тематик сессия рақамли ҳуқуқ ва киберхавфсизлик соҳасининг энг долзарб масалаларини қамраб олди.
“Юридик фан ва таълимдаги инновациялар: киберҳуқуқ, рақамли криминалистика ва сунъий интеллект” мавзусидаги биринчи сессия ҳуқуқий таълимни рақамли трансформация шароитида ривожлантириш, киберҳуқуқ, рақамли криминалистика ва сунъий интеллектнинг ҳуқуқий таълим ҳамда эксперт фаолиятига таъсирига бағишланди.

“e-Crime: рақамли криминалистиканинг замонавий усуллари ва воситалари” мавзусидаги иккинчи сессия кибержиноятларни тергов қилиш, электрон далиллар, рақамли излар ва трансмиллий жиноятларга қарши курашишдаги халқаро ҳамкорлик механизмларини муҳокама қилиш майдонига айланди.
“Сунъий интеллект ва жиноят процесси рақамли трансформацияси: тараққиёт, хавф-хатарлар ва шахс ҳуқуқларининг кафолатлари” мавзусидаги учинчи сессия сунъий интеллектдан ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва одил судлов соҳасида фойдаланишнинг ҳуқуқий ҳамда ахлоқий чегаралари, инсон ҳуқуқлари кафолатлари ва рақамли тергов истиқболларига бағишланди.
“Рақамли далиллар ва криптоактивлар: активларни қайтариш бўйича халқаро ҳамкорлик” мавзусидаги тўртинчи сессия эса криптоактивлар, жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш, рақамли молиявий терговлар ва активларни қайтаришнинг халқаро ҳуқуқий механизмларини муҳокама қилиш учун муҳим эксперт майдони бўлди.
Форум доирасида хорижий ва миллий ҳамкорлар билан қатор икки томонлама учрашувлар ҳамда эксперт мулоқотлари ўтказилди.
Мазкур мулоқотлар ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, институционал алоқаларни кенгайтириш ва истиқболли қўшма ташаббусларни илгари суришга қаратилган амалий натижалар билан муҳим аҳамият касб этди.
Форум доирасидаги икки томонлама учрашувлар ва музокаралар натижасида Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ва ҳамкор ташкилотлар ўртасида қатор ўзаро ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
“TASHKENT CYBERLEX - 2026” форуми илмий муҳокамалар билан чекланиб қолмай, рақамли даврда қонун устуворлигини таъминлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида инновацион ёндашувларни ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда киберхавфсизлик ва рақамли ҳуқуқ соҳасида янги ташаббусларни илгари суришга хизмат қилувчи муҳим глобал платформа бўлди.
Н.Абдураимова, ЎзА