Тармоқлардаги баҳсларга нуқта қўйилди: юртимиздаги вакциналар таркиби тўлиқ ўрганилган (+видео)
Ўзбекистонда сўнгги ўн йилда профилактик эмлаш қамрови 95 фоиздан юқори даражада сақланиб келмоқда. Шунга қарамай, қизамиқ, менингококк инфекцияси, сувчечак ва бруцеллёз касалликлари ҳамон долзарблигича қолмоқда.
Бу ҳақда 19 ноябрь куни Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Тадбирда, шунингдек, вакциналар таркиби Дин ишлари бўйича қўмита вакиллари иштирокида ўрганилгани ва уларда маълум меъёрларга зид моддалар мавжуд эмаслиги расман тасдиқлангани таъкидланди.
Қайд этилишича, 2025 ва 2026 йиллар кўрсаткичлари таққосланганда, ўткир респиратор вирусли инфекциялар 15 фоизга, вирусли гепатитлар 23,3 фоизга, грипп ва гриппга ўхшаш касалликлар эса 64,2 фоизга камайган. Қизамиқ бўйича ҳам ижобий динамика кузатилиб, 2024 йилда 20 минг 940 та ҳолат қайд этилган бўлса, жорий йилнинг ўн ойида бу кўрсаткич 2 минг 542 тани ташкил этди.
Инфекция тарқалишини жиловлаш мақсадида бу йил қизамиққа қарши 1,6 млн доза вакцина олиб келинган. Айни пайтда илгари эмланмаганлар, бир марта вакцина олганлар, беморлар билан мулоқотда бўлганлар, 6 ойликдан 1 ёшгача болалар ҳамда 30 ёшгача аҳоли қатлами эмланмоқда.
Тадбирда менингококк инфекцияси, сувчечак ва бруцеллёз бўйича касалланишнинг ўсиш тенденцияси кузатилаётгани ҳам таъкидланди.
Хўш, эмлаш қамрови юқори бўлса-да, касалликлар нега учраб турибди?
— Бу эмлаш тақвими ва иммунитет шаклланиши жараёни билан боғлиқ, — деди Санэпидқўмита раисининг ўринбосари Ботиржон Қурбонов.
— Хусусан, қизамиққа қарши тўлиқ иммунитет ҳосил бўлиши учун бола икки марта — 1 ёшда ва 7 ёшда эмланиши шарт. Бир ёшга тўлмаган ёки иккинчи дозани олишга улгурмаган (масалан, 3–4 ёшли) болалар бемор билан мулоқотда бўлганда, касаллик юқиши эҳтимоли юқори бўлади. Шунингдек, ўз вақтида эмланмаган қизлар она бўлганда, фарзандига туғма иммунитет ўтмайди ва чақалоқ 6 ойлик бўлгунига қадар инфекциялар олдида ҳимоясиз қолади, — дея қўшимча қилди мутахассис.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, бугунги кунда Миллий профилактик эмлаш календари асосида 13 турдаги касалликка қарши бепул эмлаш амалга оширилмоқда. 2020 йилдан буён вакциналар хариди тўлиқ давлат ҳисобидан молиялаштирилиб, бу мақсадга йилига 20 млн доллар (2004 йилда 2 млн доллар эди) ажратилмоқда.
Масъулларнинг таъкидлашича, айнан вакцинация самараси ўлароқ, 1996 йилдан буён мамлакатда полиомиелит, 2002 йилдан эса дифтерия ва чақалоқлар қоқшоли қайд этилмаган. 2001 йилдаги кўрсаткичларга нисбатан гепатит B билан касалланиш 200 баробар, ротавирус инфекцияси эса 45 фоизга камайиб, 5 ёшгача бўлган болалар ўртасида ушбу инфекциядан ўлим ҳолатлари бутунлай бартараф этилган.

Анжуман якунида ОАВ вакиллари ва блогерларнинг саволларига жавоб берилди.
Хусусан, эмланмаган болалар реестри ва ота-оналар билан индивидуал ишлаш механизмлари ҳақидаги саволга Санэпидқўмита раисининг ўринбосари Ботиржон Қурбонов қуйидагича жавоб берди:
— Республика миқёсида умумий фоиз кўрсаткичлари юритилса, вилоят ва туман поликлиникалари кесимида эмланмаган ҳар бир боланинг номма-ном реестри мавжуд. Шу асосда болалар икки тоифага ажратилиб, индивидуал иш олиб борилади. Бу тиббий чеклови бор болалар соғломлаштирилгач, алоҳида режа асосида эмланади. Шунингдек, ота-онаси рад этган ҳолатларда эса қўмита мутахассислари, маҳалла фаоллари ва ОАВ вакиллари иштирокида жойларга чиқиб, оилавий поликлиникаларда тушунтириш ишлари ўтказилади, — деди у.
Шу билан бирга, мутахассислар Ўзбекистонга олиб келинадиган ҳар бир вакцина ЖССТ тавсиялари ва верификацияси асосида, Иммунизация бўйича ишчи гуруҳ хулосаси ҳамда миллий илмий-текшириш институтлари синовларидан сўнггина амалиётга жорий этилишини қайд этди.
Ижтимоий тармоқларда вакциналар таркиби юзасидан тарқалган шубҳалар асоссиз экани алоҳида таъкидланди.
Моҳичеҳра Эшмирзаева,
Нишонбой Абдувоитов (видео),
Улуғбек Тўхтаев (монтаж), ЎзА