Энвер Ильҳан: Ўзбекистонда энергия самарадорлигини ошириш учун катта имкониятлар бор
Халқаро иқтисодий ҳамкорлик фақат савдо алоқаларини кенгайтириш билан чекланмайди. Унинг ажралмас қисми ишлаб чиқариш кооперацияси, инвестициялар, замонавий технологиялар ва саноат тажрибаси алмашинувидир. Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатлар ҳам айнан шундай кенг қамровли шериклик асосида ривожланмоқда.
Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида 19 ноябрь куни Ўзбекистон – Туркия бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича юқори даражадаги кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этган тадбирда Туркиянинг 200 га яқин ҳамда мамлакатимизнинг 50 дан ортиқ компанияси вакиллари қатнашди.
Йиғилишда икки мамлакатнинг саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, фармацевтика ва хизматлар соҳасидаги имкониятларини бирлаштириш, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
– Ўзбекистонда энергия самарадорлигини ошириш масаласи биз учун ҳам алоҳида аҳамиятга эга, – дейди “MİMSAN Group” директорлар кенгаши раиси Энвер Ильҳан. – Чунки энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш иқтисодий барқарорликнинг муҳим омилларидан биридир. Аҳоли сони ортиб боргани сари табиий ресурсларга бўлган талаб ҳам ошаверади. Бу эса таъминот тизимига қўшимча юклама туширади. Шу боис энергия тежамкорлигига эришиш, биноларда иссиқлик йўқотилишини камайтириш ва замонавий ускуналарни жорий этиш бугун долзарб вазифага айланган. Бу йўналишда биз Ўзбекистон билан амалий тажрибамизни ўртоқлашишга тайёрмиз.
Иситиш тизимида муаммолар мавжуд ҳудудларда янги технологиялар асосида ишлайдиган йирик мажмуаларни жорий этиш ўзини оқлайди. Бу қиш мавсуми олдидан кўрилаётган чора-тадбирларнинг муҳим қисми бўлиб, аҳолига кўрсатилаётган хизмат сифатини яхшилаш, ресурслардан самарали фойдаланиш ва ортиқча сарф-харажатларни қисқартиришга хизмат қилади.
Президент Шавкат Мирзиёевга газ таъминоти ва иситиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш бўйича юқори технологияларга асосланган лойиҳаларни тақдим этдим. Давлатингиз раҳбари ушбу ташаббусларни қўллаб-қувватлаб, ўз тавсияларини билдирди. Ишончим комилки, мазкур ҳамкорлик икки томон учун ҳам манфаатли бўлиб, аҳолини қулай ва барқарор энергия билан таъминлашга замин яратади.
Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА